“Чўл арчаси” асраб қолинадими?

Йигирма биринчи аср инсониятни қатор муаммоларга гирифтор этди. Хусусан, иқлим ўзгариши, ўртача ҳароратнинг кўтарилиши, сув танқислиги, қурғоқчилик, яшил майдонларнинг қисқариб бориши, шўрланиш, яйловларнинг деградацияси, чўлланишга мойил ер майдонларининг ортиши ҳамда бошқа талай оқибатларни кўрсатиш мумкин. Дунёнинг бошқа минтақаларида бўлгани сингари, мамлакатимизда ҳам экологик вазият барқарор эмас. Табиатда биохилма-хилликни сақлаб қолиш ва камайиб бораётган ўсимлик, бута ва дарахтларни асраш, уларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетишининг олдини олишни пайсалга солиб бўлмайди.
Яқинда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган нуфузли анжуманда Президентимиз бугунги кунда сиёсий, савдо-иқтисодий, сув-энергетика қаторида экология, табиатни асраб-авайлаш, дарахтзорларни кўпайтириш долзарб вазифалардан бири эканлигини айтди. Юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яшил қопламалар барпо этилаётган бир пайтда, чўл арчасига айрим кимсаларнинг нописанд муносабатда бўлаётгани қўлимга қалам тутқазди.
…Қизилқум саҳроси бағридаги овулда умргузаронлик қилиб, сурув ортидан юрган чўпон дўстим бор. Яқинда у шаҳарга тушган экан. Гап орасида у-бу ерда сиқилиб, қисиниб кетганини, эрта тонг отиши асносида чўлга, қадрдон манзили томон қанот чиқариб учишини айтди.
— Қўйсанг-чи, наҳотки шундай гўзал, катта шаҳарда ҳам зерикиш мумкин бўлса? Чўлга бунча ошиқмасанг, қол, икки-уч кун дам олиб қайтарсан, — дедим.
— Дўстим, ҳар кимга ўз киндик қони томган ошёни азиз. Мени барибир саҳро бағрига чорлайверади. Унинг бағрида ўсган саксовулзорлар худди қалин ўрмонни эслатади. Улар менга қадрли. Аслида, билсанг, чўл — қўшиқ. Мен ана шу қўшиқнинг шайдосиман.
Чиндан ҳам, чўпон дўстим айтганидек, саҳронинг сеҳри, сир-синоати, мўъжизаси, ажойиб ҳодисалари талай.
Аслида, саҳро бағрида ҳам ҳаёт қайнаб туради. Унинг бизу сизга номаълум сиру синоати, ғаройиботлари сероб. Буларда қуёшнинг ўтли нафаси, қаҳратоннинг қаҳри, баҳорнинг серташвиш кунлари, ҳаёт учун астойдил кураш манзаралари, одамлар тақдири акс этгандай гўё.
Асрий Қизилқум ва Қорақум чўллари наботот, ҳайвонот оламига бойлиги билан ажралиб туради. Ўлкамизда ўрмон билан қопланган майдонларнинг каттагина қисми ана шу чўл ҳудудлари ҳиссасига тўғри келади. Бу ерларда саксовул, черкез, қуёнсуяк, қандим, шувоқ, нўхатак, янтоқ, илоқ ва бошқа ўсимликлар ўсади. Бу ўсимликлар йил мобайнида чорвани тўйимли озуқа билан таъминлайди.
Юртимизнинг Навоий, Бухоро, Қорақалпоғистон сингари минтақаларида бўлсангиз, катта-катта майдонларда худди ўрмондек бўлиб ўсиб ётган саксовулзорлар кўзга ташланади. Саксовулнинг гуллашини кўрсангиз, табиатнинг нақадар мўъжизакор эканлигини илғагандай бўласиз. Қора ва оқ рангли саксовулзорлар орасида юз минглаб ҳашаротлар макон қурган. Миллион йиллардан буён саксовулзорларда судралиб юрувчилар, кемирувчилар, қўйингки, барча жонзотлар умргузаронлик қилиб келади. Саксовул фақатгина чўл, ярим чўл, адирликлардагина ўсади. Қайсидир маънода бу ўсимлик кўчма қумларни кучли шамол таъсиридан тўсиши мумкин. Қумларни михлайди. Қолаверса, чўл ҳайвонлари жазирама иссиқ пайтида унинг панасида соялайдилар. Чўл яйловларида кўкариб, қад ростлаган саксовулзорлар биринчидан, ҳавони тозалаётган бўлса, иккинчидан, унинг илдизлари қум барханларининг кўчиб юриши ҳамда пайдо бўлишига барҳам бермоқда.
Тошкент-Қўнғирот поездида Қорақалпоғистон Республикасига кетаётгандим. Вагон ойнасидан очиқ чўлга қарадим. Шунда катта-катта майдонларни эгаллаганича ўсиб ётган саксовул дарахтларига кўзим тушди. Бу ўсимликни маҳаллий аҳоли “чўл арчаси” деб аташади. Кўпчилик биладими, йўқми, чўлда истиқомат қилаётган аҳолининг аксарияти ана шу саксовул дарахтига қирғин келтираяпти. Улар аксар кўмир, газ йўқлиги учун ҳар йили дарахтларни қирқиб, қишга етадиган миқдорда ўтин тайёрлашади. Негаки, аҳоли вақтида кўмир билан таъминланмас экан, аҳвол доимгидай “эски тос, эски ҳаммом”лигича қолаверади. Кўплаб фуқаролар экология билан боғлиқ қонунларни яхши билмайдилар. Ачинарлиси, саҳродаги саксовулзорларнинг қирқилиши оқибатида табиат зиён кўраяпти, чорва озуқасиз қолаяпти.
— Йўлда келаётиб, кўзингиз тушгандир. Хўжалигимизнинг барча яйловларида саксовул дарахтлари худди ўрмондагидек бўлиб ўсиб ётибди. Бўйи 1,5-2 метр, танасининг диаметри 1 метргача келадиган ушбу ўсимликнинг яшил новдалари органик модда тўпланишига хизмат қилади, — деганди бундан анча йил муқаддам Навоий вилояти, Конимех туманидаги, Абай қоракўлчилик наслчилик хўжалигини узоқ йиллар бошқарган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Мустафо Эгамқулов. — Очиғини айтай, чўлда саксовулнинг аҳамияти, ўрни катта. У аҳоли учун ўтин, чорва учун тўйимли озуқадир. Лекин айрим лоқайд, бефарқ кимсаларнинг охирини ўйламасдан ташлаётган қадамлари қимматга тушаяпти. Улар кўпинча ёзда йўлда кета туриб, чеккан сигаретаси қолдиғини ташқарига улоқтиришади. Оқибатда жазирамада қизиб турган ўт-ўлан бирдан лов этиб олов олади. Ёзда ана шундай ҳол икки-уч маротаба рўй берди. Бир амаллаб, овулдаги одамлар кўмагида оловни ўчириб олдик. Ахир саксовулзор бизнинг бойлигимиз-ку?!
Мустафо Эгамқулов куйинчаклик билан таъкидлаганидек, чўл, ярим чўл ҳудудларидаги яйловлар, уларнинг ҳаётимизда тутган ўрни, мавқеи, аҳамияти борасида жамоатчилик дунёқарашини ошириш зарур.
Бир гал Яйловхўжа Усенов деган бир танишимиз билан Элликқалъа ҳудудидаги Қирққиз қалъа қолдиқларини томоша қилдик. Қалъадан чиққач, қизиқ бир ҳолатга гувоҳ бўлдик. Гап шундаки, қалъа яқинидаги йўл бўйида тўрт-беш юк машиналари турарди. Машиналар устига баланд қилиб саксовул шохлари ортилган экан. Очиғи, ёш ниҳолларни кўриб, уларга ачиниб кетдик. Ўша куни назоратчилар саксовулни ноқонуний ортган еттита машина ҳайдовчисини ушлаган эдилар.
— Билмадим, она-табиатга меҳр-муҳаббати бор инсон бундай номаъқул ишга қўл урмайди. Негаки, табиат бизнинг онамиз. Аслида, табиат бир турни яратиш учун неча миллион йил сарфлаганлигини ўйлаб кўриш керак. Шундай экан, бундай номаъқул ишга қўл урган кимсаларни асло кечириб бўлмайди, — дейди чорвадорлар сардори Яйловхўжа Усенов. — Яна табиат қонуни ниҳоятда шафқатсиз эканлигини ҳам асло ёддан чиқармаслик керак.
Афсуски, кейинги йилларда айрим кимсаларнинг далага ўт қўйиб юбориши натижасида бу ўсимликка ҳам жиддий зиён етаяпти. Ўт-ўланга қўшилиб, саксовулзорлар ҳам ёниб, чор-атрофни файзсиз ҳолга келтириб қўймоқда. Оқибатда ана шу атрофдаги ҳайвонот дунёсига ҳам катта зарар етаяпти. Бу дарахтга қушлар ин қуришади, ўнлаб турдаги жониворларга макон бўлиб хизмат қилади. Шундай экан, саксовул дарахтларининг йўқолиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Негаки, бу дарахт йўқолгудек бўлса, флора ва фаунага, жонзотларга жиддий зиён етиши мумкин.
Оролнинг қуриган тубида турибмиз. Ер тарам-тарам бўлиб ёрилиб кетган. Сал нарида туялар уюри ўтлаб юрибди. Қуриган жойларда кўрганларимни айтай. Орол денгизининг қуриши оқибатида экологик нохуш вазият юз берган катта ҳудуддаги табиатни сақлаш, денгиз чекиниши оқибатида пайдо бўлган майдонларга иқлимбоп дарахт ва буталар экиб, қум кўчиши, заҳарли чанг-тўзонларнинг ҳавога кўтарилишининг олдини олишдек муҳим ишларни ўрмончилар уддалаб келаяптилар. Уч миллион гектарни эгаллаган Оролқумнинг нақд икки миллион гектари мамлакатимиз ҳудудига тўғри келади. Демак, бу улкан майдондаги қум кўчиши, чанг-тўзонларнинг осмонга кўтарилишининг олдини олиш зарур. Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон қўмитаси саъй-ҳаракатлари асносида барпо этилган саксовул, черкез, тамариксзорлар бир неча ўн минг гектарни ташкил этаяпти. Саксовул уруғи сепилган ва қадалган майдонлардаги кўчатлар тезда амал олиб, кўкка бўй чўза бошлади. Кўчма қумлоққа саксовул кўчати ўтқазилаётгани кўнгилдаги иш бўлаётир. Орол денгизининг қуриган қисмида бир кунда тўрт фаслни эслатувчи, ўзгарувчан ҳаво ҳукмронлик қилади. Ана шундай мураккаб шароитда ҳам қорақалпоғистонлик ўрмончилар халқимизнинг “Биттасини кессанг, ўнтасини эк” деган мақолга амал қилган ҳолда тер тўкишаяпти. Лекин бу дарахтларни кесиб кетиш ҳолатлари ҳам учрайди.
Қадимда одамлар саксовул уруғи сепиб, ортидан қўй сурувини ҳайдашар экан. Сурув оёғига илашган уруғларни узоқ-узоқ манзилларгача етказсин деб. Натижада у ерларда ўсиб чиққан саксовул дарахти чорвани тўйимли озуқа билан таъминларкан. Шу ўринда Навоий вилояти ҳудудий жиҳатдан тўлиғича чўл зонасига киришини эслатиб ўтмоқчимиз. Қолаверса, чўл экотизими жуда нозик, у ташқи таъсирларга чидамсиз бўлади. Ўз-ўзини тиклаш имконияти эса чекланган. Шу сабабли чўл ресурсларидан фойдаланишда омилкорлик, эҳтиёткорлик зарур.
Навоий шаҳри марказидан Сарибел қоракўлчилик хўжалигигача бир юз ўттиз чақиримча масофа бор. Ана шу хўжаликдан ўтиб, Айдаркўлга яқинлашсангиз — қалин ўрмонни эслатувчи саксовулзорлар бошланади. Саксовул, айниқса, Боймурод, Учтепа, Утемерод, Керегетов сингари ҳудудларда жуда қалин ўсган. Шу боисдан маҳаллий аҳоли саксовул дарахтини асраб-авайлайди.
Чўлнинг кўз очирмас изғиринларига кўкрак тутиб турган бу дарахтларга, кўз илғамас, интиҳосиз кенгликларга кўз тикиб, ана шу заминнинг бир парчаси эканини таъкидлаётгандай маҳзун чайқалаётган, шокилалари осилиб турган қирқ йиллик саксовулларни қучиб, унинг дардини дунёга баралла айтгинг келади. Саксовулларнинг тақдирига бефарқ қарамаслик керак. Буни англаб етган бухороликлар йўл четларига саксовул буталарини экишни бошлаб юборганликларига анча бўлди.
Лекин ўрмончиларни анчадан бери оғриқли масала қийнаб келмоқда. Бепоён саҳро бағридаги ўрмонзорлар чекиниб, саксовулзорлар қирқилиб бормоқда. “Чўл арчаси” вужудига болта кўтарган инсон боласи тиғ урмоқда. Қолаверса, кейинги йилларда чўл ўтлоқларининг ўзлаштирилиши, саксовул, черкез, қандим, тамарикс, шувоқ турлари ва бошқа ўсимликлар аҳоли, чўпон-чўлиқлар томонидан ёқилғи сифатида ишлатилмоқда. Бу ўта долзарб муаммонинг моҳиятини, сабабини, чўлдаги оддий одамдан тортиб, идорада ўтирган мутахассисгача тушунмоғи, чопилаётган, ёқиб юборилаётган дарахтларни сақлаб қолиш учун оёққа турмоғи керак. Биргина ўрмончиларнинг бу улкан ва айни пайтда долзарб муаммони ҳал этиши мушкул. Қизилқум чўл яйловларининг деярли ўн миллион гектари инсон ёрдамига муҳтож. Аҳвол шу зайлда кетаверса, армонда қоламиз. Мана, азизлар, сафарлар чоғида кўрган-кечирганларимни, таассуротларимни сўзлаб бердим. Хулоса чиқариш сиз тан.
…Қизилқум саксовулзорлари… Очиғи, у сиру синоатга, ҳайратга, мўъжизага ва айни паллада аччиқ-аччиқ муаммоларга тўла. Чўл бағрига атай экилган миллион-миллион гектарлик “чўл арчалари”ни кўриб, ҳайратдан лол қоласиз. Афсуслар бўлсинким, табиат яратган саксовул дарахтини кесиб, уни пуллаётган, бойлик орттираётган кимсалар ҳозир ҳам учраб туради. Уларнинг бу ҳаракатларини жиловлаш шарт. Бундайлар бетакрор наботот оламини қадрлаш лозимлигини унутган кўринишади. Бу ҳолни асло кечириб бўлмайди. Қолаверса, саҳродаги миллион-миллион гектардаги “чўл арчаси” асраб қолинса, экологик фожиалар қисман бўлса ҳам камаярмиди?
Улуғбек ЖУМАЕВ,
журналист.