Олтмиш соат

Олтмиш соат. Бу оддий бир вақт бирлиги каби туюлиши мумкин. Аммо менинг ҳаётимда бу вақт – узоқ йўл, соғинч ва сабр-тоқат номидир. Тошкентда ўқийман. Орзу қилган касбим сари ҳаракатдаман. Лекин жуда яхши биламан, бу орзуларим орқасида турган инсон бор. У – отам. У киши биз учун, оиламиз учун, келажагимиз учун жонбозлик қилаётган қаҳрамон. Мана, яқинда яна чет эл сафарига отланди: Россияга. У ерда дадамни меҳнат кутиб турибди, оғир меҳнат. Айрилиқ, машаққат, соғинч кутиб турибди.
Онам айтади: “Тирикчилик ўлсин!”
Отам сафарга, тўғрироғи, оғир меҳнатга кетар куни уларни кузатдим. Россияга Тошкент автовокзалидан автобусда кетди. Нақ 60 соат, икки ярим кун йўл юраркан. Чегаралардан ўтади, ухлайди, уйғонади, овқатланади, ҳойнаҳой, фақат бизни ўйлайди. Бу сафар — саёҳат эмас, балки тирикчилик сафари.
Уйда онам, иккита укам қолди. Онам сабрли. Укаларим: “Дадам қачон телефон қилади?” деб сўрайди, сўрайверади ҳар куни.
Мен эса уларга суянчиқ бўлишга уринаман. Акаман, дадaм йўқлигида уларга таянч бўлишим керак.
Отам кетди, юрагимда бир ғашлик қолди. Ойнадан отамнинг орқага қайрилиб қараганини кўрдим. Бу қараш сўзсиз, садосиз эди. Бу нигоҳда масъулият, меҳр, ўкинч ва умид бор эди.
Бу ёзаётганим фақат менинг отам ҳақида эмас. Минглаб оталар ҳақида.
Биз учун ўзини аямайдиган отам билан фахрланаман!
Ўқиб, ҳаётда ўз ўрнимни топайки, вақти келиб фарзандим мени ҳам вокзалда Россияга ишга кузатиб қўймасин. Бу тақдир унга бегона бўлсин!
Меҳрузбек АДҲАМОВ,
ЎзЖОКУ журналистика факультети талабаси.