Собира Холдорова ҳақида нималарни биламиз?

Алишер Навоий кўчасидан ўтиб кетаётганимда кўзим беихтиёр Собира Холдорова ҳайкалига тушди. Бир лаҳза тўхтаб, бу инсон ҳақида ўйланиб қолдим. Сабаби, Собира Холдорова ҳамюртим ҳисобланади. Бу улуғ аёл мен туғилиб ўсган Наманган вилоятининг Чуст туманида дунёга келган. Қалбимда фахр туйғуси пайдо бўлди. Чунки ўзбек журналистикаси тарихида катта из қолдирган бундай жасур аёл айнан бизнинг Чустдан чиққан.

Собира Холдорова ўзбек матбуоти тарихидаги илк аёл журналистлардан бири сифатида танилади. Ҳаёт йўли осон кечмаган. Болалигиданоқ турли қийинчиликларни бошидан кечирган. Ёшлигида отасидан айрилгани, оғир турмуш шароити уни ҳаёт синовларига эрта дуч келтирган. Шунга қарамасдан, Собира ая илм олишга ва ўз устида ишлашга интилган. Бу эса уларнинг кучли ирода соҳибаси бўлганини кўрсатади.

Ўша даврда аёлларнинг ўқиши ёки матбуот соҳасида ишлаши жуда кам учрайдиган воқеа эди. Лекин Собира Холдорова барча қийинчиликларга қарамай, ўз орзуси йўлида ҳаракат қилди. У аввал Қўқонда таҳсил олди, кейин эса Тошкентда хотин-қизлар маориф институтида ўқиди. Айнан шу йилларда унинг журналистикага бўлган қизиқиши ортиб борди. Кейинчалик  “Янги йўл” газетасида иш бошлади ва аста-секин тажрибали журналист сифатида танилди.

Менимча, Собира Холдорованинг энг катта хизмати — у ўзбек аёлларига намуна бўла олганида. Чунки маърифатпарвар аёл фақат мақола ёзибгина қолмасдан, аёлларни илмли бўлишга, жамиятда фаол иштирок этишга чақирган. Шу сабабдан ҳам мақолаларида маърифат, саводхонлик ва тараққиёт ғоялари асосий ўринни эгаллаган.

Собира Холдорова кейинчалик Москвадаги Олий журналистика институтида ҳам таҳсил олган. Бу эса билим ва дунёқарашини янада кенгайтирган. Ватанга қайтгач, бир нечта газета ва журналларда фаолият олиб борган. У нафақат журналист, балки таржимон ва жамоат арбоби сифатида ҳам машҳур.

Афсуски, 1937 йилдаги қатағон йиллари Собира Холдорова ҳаётига ҳам оғир зарба берди. У ноҳақ айблар билан қамоққа олинди. Оиласи катта азоб-уқубатларни бошдан кечирди. Аммо шундай қийин даврларда ҳам матонат соҳибаси иродасини йўқотмади. Кейинчалик оқланиб, яна матбуот соҳасига қайтди.

Собира Холдорова ҳайкали олдида турганимда бир нарсани чуқур ҳис қилдим: инсоннинг ҳақиқий қадри унинг мол-дунёси ёки қанча умр кўргани билан эмас, балки халқ учун қилган хизмати билан ўлчанар экан. Собира Холдорова ҳам ўз ҳаётини халққа, матбуотга ва маърифатга бағишлаган аёллардан бири бўлган.

Бугун биз — ёш журналистика талабалари учун Собира Холдорованинг ҳаёти ва фаолияти катта ибрат мактабидир.

Жавоҳир ЖЎРАБОЕВ,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар

университети 1-босқич талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − fourteen =