Дарвеш амир

ёхуд ҳаммоллик қилиб кун кечирган ҳукмдор

Тарихимиздан маълумки, манғит уруғидан бўлган амирлар Бухоро давлати тарихида амалда 1774 йилдан, расман эса 1756 йилдан 1920 йилгача бўлган давр ичида ҳукмронлик қилган. Улар хонлар насли-насабидан бўлмагани боис амир унвонини олишган. Амир Муҳаммад Раҳимхон (1756-1758) илк сулолага асос солган бўлса, Амир Саид Олимхон (1910-1920) сўнгги ҳукмдор бўлиб тарих саҳифасидан жой олган.

Бухоро тахтига эгалик қилган амирлар турли хил феъл-атворга эга шахслар эди. Бироқ ана шу ҳукмдорлар орасида эл олқиши ва меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган бир зот борки, унга оддий халқ “Амири маъсум”, “Жаннатмакон” деган унвонлар берган. Бу Амир Шоҳмурод эди.

Шоҳмуроднинг отаси Дониёлбий Муҳаммад Раҳимхон вафотидан кейин тахтни эгаллайди ва мамлакатни 27 йил бошқаради. Унинг ўн иккита ўғли бўлиб, тўнғичи Насаф шаҳрида 1742 йилда туғилган Шоҳмурод бўлган. Амир Дониёлбий тахтга ўтирган пайтда Шоҳмурод 17 ёшда бўлиб, илм олишга иштиёқи баланд бўлгани боис Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олади, тасаввуф илмига қизиқди, сўфиёна ҳаёт кечирди. Ўша давр муаррихлари Шоҳмуродни “сўфийталъат, дарвешсурат” киши дея таъриф этишган ва юксак мартабали оиладан чиққан бўлса-да, ҳаммоллик қилиб кун кечиргани ҳақида ёзиб қолдиришган. Ўғлининг бу ишларидан хабар топган отаси Дониёлбий бир неча бор уни бу йўлдан қайтаришга уринади. Унга давлат хазинасидан етарли маош тайинлайди. Лекин ўғил бу имтиёзлардан воз кечади. Таниш-билишлари уни девонага ҳам чиқаришади. Шоҳмуроднинг феъл-атворида ҳукмронлик ва сўфийлик сифатлари мавжуд бўлиб, мужаддидия-нақшбандия сулукида эди. У кунларнинг бирида ўз даврининг алломаларидан бири охунд Муҳаммад Сафар ҳузурига бориб шогирдликка олишни сўрайди. Устози унга: “Сен золим ва золимзодадирсан. Шайх хизмати ва бу йўлдаги риёзатга қандай тоқат қилурсан?” — деб савол беради. Аммо Шоҳмурод устозини ўзига ишонтиради ва ўша даврда халқнинг назарида энг қора меҳнат ва оғир касб бўлган ҳаммоллик билан кун кечира бошлайди, оддий халқнинг оғир турмуш кечираётганини ҳис этади ва салтанат пешволари ва амалдорларнинг кирдикорлари ва ситамларини ўз кўзи билан кўради.

Орадан йиллар ўтиб, амир Дониёлбий ҳам кексаяди ва салтанатни бошқаришда қийналиб қолади. Бундан асли эронлик бўлган Давлат қушбеги ва қозикалон Саййид Низомиддин фойдаланиб, мансабни суиистеъмол қилиб, оддий халққа нисбатан турли солиқ ва мажбуриятларни оширади. Албатта, буларнинг бари халқнинг қаҳр-ғазабини кучайтиради.

Ана шундай қалтис пайтда Шоҳмурод амир саройига яширин йўл орқали кириб, отаси Дониёлбий билан учрашади ва унга мамлакат Давлат қушбеги ихтиёрига деярли ўтиб бўлганини баён қилади. Ночор аҳволдаги амирга: “Энди бунга на илож ва не тадбир қилурсиз?” деб мурожаат қилади. Отаси ўғлига: “Бу аҳволни мен ҳам фаҳмлаб турибман, лекин бирор чора кўришдан ожизман”, деб жавоб беради. Шоҳмурод бу муаммони ўзи бартараф қилишга киришади ва Қўқондан элчилар келганини баҳона қилиб, қушбегини саройга таклиф этади ва уни махсус хонада қатлни ижро этишга шай турган жаллод қўлига топширади. Кўп ўтмай, қозикалон Саййид Низомиддин ҳам шундай ўлим топади.

Муаррихларнинг турли манбаларда ёзишича, Шоҳмуроднинг қозикалон билан зиддиятга боришининг яна бир сабаби ҳам бор эди.

Қозикалон Шоҳмуродни ёқтирмас эди. Кунларнинг бирида Амир Дониёлбий ўғлининг ҳаммоллик қилиб юрганидан шикоят қилиб ундан жўяли маслаҳат сўрайди. Қози эса: “Яна қанча ақлли, фаросатли ўғилларингиз бор. Бунинг ақли ноқис. Унинг бу юриш-туриши давлатингиз шаънига ярашмайди”, дейди ва уни салтанатга яқинлаштирмасликни маслаҳат беради. Аммо Дониёлбий Шоҳмуродни яхши кўрар ва унга ишонарди. Қозикалоннинг бу гаплари эса тезда Шоҳмуроднинг қулоғига етиб боради.

Ҳар иккала золим амалдорнинг қатл этилиши халқ орасида Шоҳмуроднинг обрўйини янада оширади.

Кўп ўтмай, отаси уни Самарқандга ҳоким этиб тайинлайди. Янги ҳоким шаҳарга келган пайтда шаҳар хароб ҳолга келган, аҳоли қашшоқлашган, ижтимоий шароит қийинлашганди. Янги ҳокимнинг одиллиги ва фидойилиги туфайли тез орада Самарқандга яна фаровонлик қайтади. Шаҳар гавжумлашиб, бозорларда тўкинчилик бошланади. Шаҳар марказида олти қиррали чорси қурилиб, “Тоқи мусаддас” деб аталган. Маданий ҳаёт ҳам ўз ўрнига қайтади. Илм-фан ривож топади. Тақчиллик туфайли ёпилиб хароба аҳволга тушган Хожа Аҳрор Валий ва Шайбонийхон мадрасалари қайта таъмирланиб, илм-маърифат ўчоғига айлантирилади. У мадраса ва масжидларга тайинланган мударрис ва имомларни шахсан ўзи суҳбатдан ўтказиб тайинлаган.

Амир Дониёлбийнинг васияти ва аъёнларнинг истаги билан Шоҳмурод 1785 йилда Бухоро ҳукмдори бўлади. Бу йилларда Бухоро давлати оғир даврни бошдан кечираётган эди. Амир Шоҳмурод бошқаруви туфайли мамлакатда кенг кўламдаги ислоҳотлар ўтказилиб, шаръий қонунлар мустаҳкамланиб, қаттиқ тартиб-интизом қарор топади. Бухоронинг фахри бўлган ва кейинчалик хароб ҳолга келган мадрасалар, масжид ва карвонсаройлар, бозорлар таъмирланиб, ўз вазифасини ўташга киришади. Янги ҳукмдор кўп ўтмай “Хатти тархоний”ни эълон қилади. Бу фармонга кўра аҳоли тинкани қуритадиган турли солиқлардан озод қилинди. Ўнлаб янги мадрасалар қурдиради. Уларнинг бизнинг давримизга қадар сақланиб қолганлари XVIII аср меъморий санъати ёдгорликлари сифатида қадрлидир.

Энг қизиғи, Амир Шоҳмурод гарчи олий ҳукмдор бўлса ҳам, унинг шахсий турмуш кечириш тарзи аввалгидек ўзгармасдан қолаверди. У ўзи танлаган тариқат йўлидан бориб, фақирона яшади. Ўша давр муаррихлари Амир Шоҳмуроднинг бир йилда битта кўйлак, битта олача чопон ва иштон, бошига бўз салла ўрагани, оёғига эчки терисидан тикилган сахтиён маҳси ва калиш ва эгнидаги пўстиннинг нархи икки тангадан ошмаганини қайд этишган. Амирнинг жами либослари қиймати ўн танга атрофида бўлгани, лекин “Абдуллахоннинг шарқий мадрасаси” талабаларининг бир ойлиги 15 тангани ташкил этишини қайд этишган. Ихтиёрида бутун салтанат бўлган ҳукмдор ана шундай дабдабасиз ҳаёт кечирган. Унинг кунлик овқати арпа нон ва атала, ёвғон шўрва бўлиб, ўзи пичоқ қини ясаб тирикчилик қилган. Унинг бу турмуш тарзини замондош зиёлилар халифа Умар ибн ал-Хаттобга ўхшатишгани бежиз эмас эди.

Кунларнинг бирида амир саройига яқин бўлган ва катта мол-дунё эгаси ҳисобланган амалдорлардан бири тўй қилиб, уни зиёфатга чақирган. Мўл-кўл дастурхон шоҳона безатилган ва “Олинг, олинг…” бошланган. Ҳамма Шоҳмуроднинг биринчи бўлиб қўл узатишини кутарди. Шунда амир бир коса сув сўрайди ва чопони орасидан қотган нон олиб, мушти билан оҳиста синдиради ва сувга ботириб тановул қила бошлайди. Дастурхон атрофидагилар ҳайратда қолади ва унинг яқинида ўтирган мулозимидан пичирлаб сўрашади. “У киши нима қилаяпти?” Жавоб шу бўлди: “Амиримиз нафси билан жанг қилмоқда”.

Амир Шоҳмуроднинг учта хотини бўлиб, Шамсия бону бинти Абдулфайзхон биринчиси эди ва ундан тўнғич фарзанд, бўлғуси тахт вориси Амир Ҳайдар туғилган. Иккинчиси Барот султоннинг қизи эди. Ундан Дин Носирбек дунёга келади ва Марв шаҳрида ҳоким бўлади. Учинчиси Биби Отун бинти Ғани махдум эди ва уларнинг Мир Ҳусайний исмли ўғли ва икки қизи бўлган. Мир Ҳусайний тарихнавис бўлиб, “Махазин ат-тақво” номли асар ёзган.

Амир Шоҳмурод ҳам “Фатовийи аҳли Бухоро” номли китоб битишга киришган ва тугатишга улгурмаган. Китобни ўғли Амир Ҳайдар охирига етказган.

Амир Шоҳмурод давлатни юксалтириш мақсадида қўшни мамлакатлар билан иқтисодий ва савдо алоқаларини яхшилашга эришган. Хусусан, Русия билан савдо-сотиқ ишларини олиб боришга ҳаракат қилган. Аммо биз бир пайтлар тарих дарсликларида “мазлумларнинг халоскори” деб ўқиган, Пушкиндек даҳо у ҳақида китоб битган Емелян Пугачёвнинг қароқчилари Бухоро сари йўл олган ва темир ортилган карвонни талаганига нима дейсиз?

Шоҳмуроднинг шахси ва фаолияти ҳақида 1795 йилда Бухорога келган Русия фуқароси Т.Бурнашев шундай ёзади: “Унинг саройида заррача дабдаба йўқ эди. Фақат иккитагина хотини бўлиб, кун кечиришлари учун ниҳоятда кам пул харж қилинарди. Шу сабабли улар тинимсиз турли қўл меҳнати билан машғул бўлишарди ва тирикчилиги шундан эди. Бу борада Шоҳмурод бек давлат ишларидан холи қолган пайтлари ўз меҳнати билан ибрат бўларди. Халқ унга алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўларди. Уни Муҳаммад шариатига ҳақиқий амал қилувчи ва ҳатто авлиё даражасида билишарди.

Амир Шоҳмурод 1800 йилда 62 ёшида вафот этди ва васиятига биноан устозлари Ҳожи Муҳаммад Ҳабибуллоҳ ва Муҳаммад Сафар Хоразмийларнинг пойига дафн этилди. У давлатни ўн беш йил бошқарди. Шу қисқа фурсат ичида уни таназзул ботқоғидан олиб чиқиб, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказди. Оддий халқ қалбига адолат ва эътиқод, имон ва урфон каби эзгулик тушунчаларини жойлашга эришди. Ҳақпарастлиги ва адолатпешалиги боис ҳеч қайси манғит сулоласига мансуб ҳукмдор эриша олмаган ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлди.

Ўролбой ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + three =