Бола бахши. Унга тахаллусни Муҳаммад Раҳимхон Феруз қўйганмиди?

— Хивада бир ёш   бахши чиқибмиш кўрсангиз ҳайрон қоласиз,ўзиннан дутори улли(катта)миш. Шундин зўр овози бормишки,эшитганлар “тасдиқ”айтамишлар.

1908 йилнинг айни баҳорида Хива қалъаси ичинда шундай гап тарқалган экан. Қурбонназар бахшини эшитганлар уни зўр бериб мақташса эшитмаган, кўрмаганлар бир кўришга иштиёқманд эдилар. Қалъада тарқалган гап Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Соний — Феруз қулоғига етибди. Ферузхон ҳам адабиёт ва санъат шайдосимасми бахшини устози билан бирга саройга олдиришга фармон берибди. Тўққиз-ўн яшар Қурбонназар устози Жуманазар бахши ҳамроҳлигида дуторини олиб хон ҳузурига киради.

Муҳаммад Раҳимхон Феруз кичкина бахшидан бир нома эшитиб кўрди.

— Туфалам-а, кўз деймасин, ино бола бахши. Устозинга, ота-онангга раҳмат ўғлим. Камол топ. Бундан кейин сенинг отинг Бола бахши бўлсин, деб Қурбонназарнинг елкасига қоқиб қўйди.

Шу-шу хивалик номдор бахши Қурбонназар Абдуллаев Бола бахши бўлиб эл ичинда танилди. 1899 йилда таваллуд топган Бола бахши ўн ёшидан қўлида сози билан элга хизмат қилди.

Айтишларига қараганда Бола бахшининг аждодлари ўз даврининг кўзга кўринган атоқли бахши ва гўяндалари бўлишган экан. Сандиқда бобосининг дутори кўз қорачиғидай сақланаркан. Қурбонназарнинг отаси уни ҳеч кимга бермай авайлаб сақларкан.

Қурбонназар 3-4 ёшларида касал бўлади. Иситмаси сира тушмайди. Уни табибга кўрсатишади. Табиб унга дамлама беради. Кунларнинг бирида онаси дамламани сандиқдан олмоқчи бўлиб турганда Қурбонназарнинг кўзи сандиқдаги дуторга тушади. Бу дутор унинг бобосидан ёдгор бўлиб ҳеч кимга кўрсатилмас ва берилмас эди. Бобоси буни қачонки менинг коримни тутган болаларингга берасан, деб васият қилган экан. Қурбонназар онасига дуторни олиб беринг деб хархаша қилади. Дуторни олиб беришга эса отаси рухсат қилмаган. Қурбонназар шу пайт ҳушидан кетиб йиқилади. Юзига сув сепиб ўзига келтиришади. Энди у йиғлашга тушади. Онаси боласидан айрилиб қолишдан қўрқиб дуторни сандиқдан олиб беради. Бола йиғидан тўхтаб ўзига келади. Кун кундан соғая бошлайди. Бу воқеа­ни табибга айтишади. Табиб боладаги ғайритабиий ҳолни сезади. Унда Аллоҳ томонидан берилган илоҳий бир куч бор эди.

Унинг боболаридан қолган эски лисонда ёзилган достон китоб­лари бўлиб хат саводи чиққач, Қурбонназар ота-онаси ёрдамида уларни ўқиб ўргана бошлайди. Ўша йиллари Хивада Ёдгор буломончи ва Жуманазар бахшилар ном қозонган машҳур бахшилардан эдилар. Отаси Қурбонназардаги иқтидорни пайқаб, уларга шогирдликка беради. Ёш Қурбонназар бу икки бахшидан дутор чалишни, бахши термаларини ўрганади.

— Ёдгор буломончи илми дарё санъаткор эди, — деб эслаган эди Бола бахши шогирдлари билан суҳбатда. — У кишидан жуда кўп нарса ўргандим. Бола бахши бўлиб танилишимда шу устозларимнинг ҳиссалари кўп.

Бола бахши репертуарида “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Ошиқ Маҳмуд”, “Бозиргон”, “Хирмондали”, “Авазхон”, “Кампир”, “Қирқминг”, “Сафар кўса” каби 20 га яқин достон бўлиб, улардан “Бозиргон” достони 1965, “Авазхон” достони 1967 йили ёзиб олиниб, нашр этилган. У ҳаёти давомида жуда кўплаб анжуманларда иштирок этган. 1937 йилда Москвада ўтказилган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадасида, 1938 йили Ўзбекистон халқ ижодчилари олимпиадаси, Халқаро Олтойшунослар фольклор анжуманида қатнашган. У 1938 йили Ўзбекистон халқ достончиси унвонини олган.

Бола бахши ҳаёти давомида юздан зиёд шогирдлар етиштирган. Уч Республика халқ артис­ти Комилжон Отаниёзов, Ивот бола, Отахон бахши, Қаландар Норматов, Карим бахши Отамуродов, фарзандлари Матёқуб, Матназар, Давлатназар, Ўзбекис­тон халқ бахшилари Норбек ва Етмишбой Абдуллаевлар ана шулар жумласидандир.

Бахшининг етмишидаги Етмишбойи

1970 йили янги йил кириб келишига 17 кун қолганда Бола бахши ўғил фарзандлик бўлди. Етмиш ёшида кўрган фарзандига Етмишбой деб исм қўйди. Бахши бува Аллоҳнинг қариганда берган бу улуғ неъматига шукрона келтириб элига уч кеча-ю уч кундуз тўй беради. Етти иқлимдан бахши шоирлар, гўяндалар ташриф буюриб соз-суҳбат қилдилар. Етмишбой бахшилар оиласи муҳитида ўсгани учун ҳам достон қўшиқларига ошуфта бўлиб ўсди. Бола бахши қаерга борса Етмишбойни отининг орқасига мингаштириб олиб борарди. Достон кечаларида унга ҳам бир икки нома айттириб кўрарди. Танимаганлар “Бахши бува, бу йигитча неварангизми?” деб сўрашарди. Исмини эшитгач, йигитчанинг созу овозига қойил қолишарди. Хуллас, Етмишбойни ҳам отасининг Бола бахши бўлиб элга танилган ёшида халқ таниди.

Етмишбой 1988 йили тумандаги 4-умумтаълим мактабини томомлаб, ўз иш фаолиятини Огаҳий қишлоғида ташкил қилинган “Достон” фольклор-этнографик ансамблида бахши доирачи бўлиб бошлайди. 1990 йилда Тошкент давлат Маданият институтининг кундузги бўлимига ўқишга киради. Ўқишни 3-курсдан сиртқига ўзгартириб, тумандаги Саёт қиш­лоқ маданият уйи бадиий раҳбари, 1999-2009 йилларда Янгиариқ туманидаги 40-сонли Нафис санъат гимназия мактабида мусиқа фани ўқитувчиси, ҳамда Остона маданият маркази бадиий раҳбари вазифаларида фаолият олиб боради. 2008-2011 йиллари Хива шаҳридаги 5-болалар мусиқа ва санъат мактабида “Бахшичилик” йўналиши бўйича ўқитувчи, 2009 йилдан бошлаб ҳозирги вақтгача Хива педагогика коллежида мусиқа йўналиши бў­йича катта ўқитувчи вазифасида ишлаб келмоқда.

Етмишбой Абдуллаевнинг эл-юрт олдида қилган хизматлари ва бахшичилик йўналишдаги қилган самарали меҳнатлари инобатга олиниб унга 2011 йилда Ўзбекис­тон халқ бахшиси унвони берилди.

У шу пайтгача Республикамиз ҳамда жаҳон миқёсида бўлиб ўтган турли кўрик-танловлар ва халқ ижодиёти анжуманларида иштирок этиб фахрли ўринларни қўлга киритишга эришди.

Жумладан, 1982-1983 йилларда Тошкент шаҳрида ўтказилган “Санъат байрами” фес­тивалида Республика босқичи ғолиби, 1985 йилда Хоразм вилояти Шовот туманида бўлиб ўтган “Бахши шоирлар” кўрик-танловида қатнашиб “Кичик бахши” номинациясига сазовор бўлган. 1989 йилда Ўрта Осиё, Қозоғис­тон, Доғистон, Кавказорти давлатларининг Озарбайжонда бўлиб ўтган бутуниттифоқ “Бахши ўзанлар” халқ ижодкорлари фес­тивалида Гран при совринига, 2003-2005 йиллар “Алпомиш” дос­тонининг 1000 йиллиги муносабати билан Сурхондарёда бўлиб ўтган “Бахши шоирлар” кўрик- танловида 2-ўрин, 2007 йилда Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманида бўлиб ўтган “Бахши шоирлар” кўрик-танловида 2-ўрин соҳиби бўлди. 2006 йилда “Бахши, рэп музика, брек ва миллий рақслар” концерт фес­тивали учун Швейцария давлатининг ривожланиш агентлиги сертификатини қўлга киритди. 2018 йилда эса ЮНЕСКО томонидан номоддий маданий мерос бўйича сертификатга эга бўлди.

Унинг репертуарида қадимий достонлардан “Авазхон”, “Бозиргон”, “Хирмондали”, “Ошиқ Маҳмуд”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, Гўрўғли туркумига кирувчи дос­тонлар ўрин олган. Бир қанча хорижий давлатларда бўлиб бахшичилик санъатини намойиш қилган. Жумладан, Украина, Озарбайжон, Туркманистон ва 2006 йилда Европанинг Швейцария, Германия, Бельгия давлатларига бориб концерт дастурлари намойиш қилиб томошабинлар олқишларига сазовор бўлди.

Етмишбой Абдуллаев уч нафар фарзанднинг отаси. Катта ўғли Авазхон Абдуллаев Хива туманида мактабгача таълим муассасасида мусиқа таълимидан сабоқ беради. Ўртанча ўғли Қурбонназар Абдуллаев Урганч давлат университетининг мусиқа йўналишининг 2-босқич талабаси, кенжа ўғли Баҳромжон Абдуллаев ҳам отасидан дос­тончилик сир-асрорларини ўрганиб келмоқда.

— “Аллоҳ бермаса натали, бош олиб қайга кетали”, — дейилади достонлардаги номаларда, — дей­ди Ўзбекистон халқ бахшиси Етмишбой Абдуллаев. — Отамнинг тақдири мисолида бахшичилик илоҳий эканини ёрқин кўриш мумкин. Аллоҳ берган иқтидор, истеъдод бўлмаса қўлга тор олиб эл олдига чиқиш қийин. Бахшичилик — бу бир театр. Бахши образга кириб гоҳ Гўрўғли бўлиб, гоҳо Бозиргон бўлиб гавдаланиб тинг­ловчига достоннинг мазмун-моҳиятини етказа олиши керак бўлади.

Етмишбой ижоди давомида отаси берган ўгитларга амал қилиб келади. Бола бахши: “Хонанда бўл, созанда бўл, аммо бахши бўлиш осонмас” деб кўп таъкидларди. Достон айтиш учун санъаткордан зеҳн, мус­таҳкам хотира талаб этилади. Бола бахши ҳатто бир достонни уч кечалаб айтганини одамлар ҳалигача эътироф этишади. Бунинг учун албатта, Аллоҳ юқтирган иқтидор бўлиши керак.

Етмишбой ҳам отаси бошлаб берган Бола бахши достончилик мактабини давом эттириш йўлида янгидан-янги достонларни ўрганиш, шогирдлар тарбиялаб халқ хизматига йўллаш борасида тиним билмай ижод қилмоқда. Бугунги кунда унинг Расулбек Абдураҳмонов, Севинч Отажонов, Рустамбой Оллақулиев, Камоладдин Бўжонов каби шогирдлари эл хизматига камарбаста бўлишмоқда. Буларнинг парвозидан эл ҳам, устози ҳам мамнун.

Болтабой Матқурбонов,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + fourteen =