Уйғонаётган руҳият

ёки она-Ватан ҳар бир юракларда бўлсин!

Инсон руҳиятида баъзан шундай самовий лаҳзалар кечадики, ниманидир излаётган, қандайдир мадад кутаётган дамларингизда бирдан қалбингизни бир даста нур шуълалантириб, уйғотиб юборади. Сизни қудратли қўллари билан самоларга олиб чиққандек бўлади. Сиз шунда гўё юнон асотирларидаги енгилмас паҳлавон Антейга айланасиз, қанотларнинг қудратли шовуллашини эшитасиз, қантариб қўйилган Бойчибор оёқларидаги кишанларнинг кул-кул бўлганини, Алпомишнинг ўн тўрт ботмонлик камондан ўқ узганида Асқар тоғнинг бир парчасини юлиб кетганини кўрасиз ва ҳайратга тушасиз. Томирларингизда шиддат билан оқаётган қоннинг алвонлигини ҳис қилиб, бир нафас кўз юмасиз ва уни очганингизда уфққача туташиб кетган буткул зангор япроқлар мамлакатидаги улуғ тоғлар, улуғ дарёлар, улуғ халқ, улуғ она тилнинг — она-Ватаннинг шакл-шамойилини, бўй-бастини, ўтмиши ва келажагини кўриб, унинг зарраси эканлигингиздан қувонч ва хавотирга тушасиз. Қувонч – сиз шу Ватанга дахлдорлигингиз, хавотир – унинг олдидаги фарзандлик қарзингизни қай тахлит адо этаётганингизда…

Мен Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил охирида юрт зиёлилари билан учрашган чоғдаги мулоқотидан сўнг шундай ҳолатни ўзимда кечирдим. 2017 йил август ойи­даги учрашувда ҳам мамлакатнинг бўйи баробар кўтарилган масалалар Уйғонаётган руҳият – янгиланаётган Ватан олдида турган вазифалар нақадар долзарб эканлигини чуқур ҳис қилган, “шунчаки яшаш, шунчаки ёзиш” мумкин эмаслиги – бу ҳаммамиз учун ор-номус масаласи эканлиги ҳақида чуқур ўйга ботган эдик. Мана, ўшандан бери орадан етти йил ўтди. Етти йил мобайнида мамлакат миқёсида асрлар билан бўйлашадиган оламшумул ишлар амалга оширилди.

Чинакам бозор муносабатлари асосида ташкил этилаётган муносабатлар негизида хорижий инвестицияларга йўл очилди. Дунё бизга ишонди. “Навоий байтларидек йўллар” яратилди. Болаларнинг жажжи бармоқлари кўсаклар игнасига тегиб қонамайдиган бўлди. “Болалар меҳнати”га чек қўйилди. Президентимиз таъкидлаганларидек: “Қарийб чорак асрдан кейин Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тикладик. 2021 йилдан буён ҳар йили жаҳоннинг 50 дан ортиқ мамлакатидан юзлаб киноижодкорлар Ўзбекистонга ташриф буюрмоқда. Алишер Навоий номидаги кино саройи замонавий қиёфага эга бўлди, янги “Ренессанс” кино уйи барпо этилди. Миллий фильмлар яратиш учун давлат томонидан ажратилаётган маблағлар ҳажми ҳам тобора ортиб бормоқда…

Замонавий адабиётимизни ривожлантириш мақсадида пойтахтимизда Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биноси барпо этилди. Ўлкамизнинг баҳаво ҳудудларида янги ижод уйлари қурилди. Самарали ижод қилаётган адибларимиз имтиёзли асосда янги уй-жойлар билан таъминланди. Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини моддий қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили қарийб 25 миллиард сўм ажратилмоқда.

Ёш истеъдод эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Зомин семинари қайта тикланди. Навқирон шоир ва ёзувчиларнинг биринчи китоблари катта тиражларда нашр этилмоқда. Атоқли ижодкорларимизнинг таваллуд саналарини кенг нишонлаш яхши анъанага айланди.

Биринчи марта нашр этилган 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари”, 30 жилддан иборат “Мустақиллик даври навоийшунослиги”, “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари”, “Мард аскарга совға” сингари адабий маж­муалар маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди”.

Шундай… Гуриллаб кечаётган ҳаёт салтанатида Президентимиз яна Тафаккурни, Диёнатни, Иймон ва Виждонни, Ғурур ва Имконни – Ватан фидойиларини яна мулоқотга чорладилар. Сана: 2023 йил 22 декабрь. Ер курраси бир коса сувдек қалқиб турган паллада. Шарқий Европа ва Яқин Шарқ  қисмати дунё халқларини изтиробга солиб, кўзидан уйқуни қочирган бир паллада:

“Ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: биз ҳозирги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими?”

Ҳа, ҳаммамизни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволларни ўртага қўйяптилар Давлатимиз раҳбари.

Кимдир ўз она тилини бўтқага айлантириб гапиради. Биз жиммиз.

Не-не улуғ ниятлар билан муқаддас Каъба тупроғига борган инсон қайтиб келганида узун пояндозлар ёзилган гилам йўлакчалардан юриб, олқишлаётганларга кибр билан қараб, остонага қадам қўяди. У кибр гуноҳи азим эканлигини билмайдими? Биз эса жиммиз…

Тўйлардаги ҳашам етти пуштимизга етгулик… Биз эса яна  жиммиз. Мабодо кимдир сўз қотса, бир зумда унинг оғзини ёпишади. Орзу-ҳавас деган ибора билан.

Тўртта хотин олиб, улар ўртасида илоҳий адолатни таъминлай олмаган, мустақил давлатимиз қонунларини четлаб ўтган кимса ўзини қаҳрамон деб ҳис қилади.

Биз эса ҳамон жиммиз.

Ижтимоий тармоқлардаги ҳолатлар: халқимиз шаънига, қадриятларига тинмай тош отишлар, она тили грамматикаси – ёзишдаги чаласаводлик.. Булар бари ўзимизни шу она Ватанга масъул фарзанд деб билган инсонларнинг олдидаги ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб масалалардир. Шу ерда Президентимизнинг ушбу сўзларини иқтибос қилиб келтираман: “Ҳаммамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимизни истардим. Ҳаёт бор экан – жаҳолат ҳам, маънавий таҳдидлар ҳам бўлиши табиийдир. Аммо энг хатарлиси – юрт келажагига лоқайдлик, эзгу қадриятларга нисбатан бепарволикдир”.

Бироқ биз ўзлигимизни, ўзбеклигимизни, она-Ватанимизни кўз қорачиғидек асрашга қодир халқмиз.

Асосий қонунимиздаги фундаментал принциплардан келиб чиқиб, ишлаб чиқилаётган Дунёвий давлат концепцияси…

Коррупция  ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган тезкор тадбирлар…

Ёшларимизни  миллий ва умумбашарий ғоялар асосида камол топтириш мақсадида мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 40 та театр учун  ҳар йили 40 та янги спектакл­­га давлат буюртмаси асосида 15 миллиард сўм ажратилиши фарзандларимиз қалбини тарбиясиз кимсалардан асраб қолиш йўлидаги муҳим амалий ҳаракатлардир.

Болалигимдан халқ оғзаки ижодини мутолаа қилиш севимли машғулотимга айланган. Таъбир жоиз бўлса, халқ оғзаки ижодида унинг юраги уриб туради. Содда ва буюк бадиий ифодалар, шеърлар, достонлар, лапарлар, айтишувлар инсон руҳининг илк тарбиячиларига ўхшайди. Бу соҳада янада катта имкониятлар яратилаётганини Президентимиз нутқларида эшитиб, тилла топган қулдай қувондим. Ахир ҳаммамиз ҳам қалби шоир халқнинг болаларимиз-да…

Шунингдек, Президентимиз мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган  катта ишлар хусусида тўхтаб, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари ҳам халқаро сертификатга эга бўлган бошқа фан ўқитувчиларидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча ҳақ билан таъминланиши кераклигини, миллий сертификатга эга бўлган ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланиши, бунинг учун 2024 йилда қўшимча 10 миллиард сўм, 2025 йилда эса 30 миллиард сўм ажратилиши ҳақидаги фикр­лари нур устига аъло нур бўлди.

Бундан ташқари, ўзбек тилидан бош­­қа тилларга ихтисослашган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилиши, ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаларининг ўтказилиши, ғолиб ва совриндорларнинг пул мукофоти билан тақдирланиши, улар мамлакатимиз олий ўқув юртларининг ўзбек филологияси йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши она тилимизнинг кенг қулоч отиши учун яратилаётган имкониятлар эшиги демакдир. Яна шундай имкониятлардан навбатдагиси Президентимизнинг таъкидлашларича: “Жамиятимизда китобхонлик маданиятини ошириш бўйича бош­ланган ишлар”нинг давом эттирилишидир. Келгуси йилдан миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини кўп минг нусхаларда чоп этиш ва барча кутубхоналарга етказиб бериш ушбу йўлдаги қутлуғ қадамлардан бўлиб, халқимиз дилидаги айни эзгу амаллардан бўлди.

Шу билан бирга, ҳар йили энг яхши бадиий асарлар яратиш, таржима қилиш учун ижодий буюртмалар берилиб, муаллиф ва таржимонларга муносиб қалам ҳақи тўланиши ижодкорлар учун ҳам бериладиган моддий имкониятлар ифодаси, десак хато бўлмас.

Шунингдек, “Ёшлар учун – минг китоб” лойиҳасини амалга ошириш, буюк аждодларимиз ҳақида болалар тушунадиган тилда содда, равон асарлар яратиш масаласи ҳам биз ижодкорлар олдига қўйилган қутлуғ вазифалардан биридир.

Денгизнинг сувини ҳовучга тўлдириб бўлмайди. Муҳтарам Президентимиз билан бўлган мулоқот мисоли бир денгиз бўлиб. унда белгиланган ҳаётбахш ғоялар ва режалар ҳаммамиз учун азиз бўлган она-Ватанимиз тараққиётига хизмат қилади. Улуғ шоиримиз Рауф Парфи бир шеърида “Юрагим, исмингни унутма” деб хитоб қилади. Биз ҳам шундай деймиз: Юрагим! Она-Ватан сенинг исминг. Биз доим сен билан биргамиз!

Шарифа САЛИМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + one =