Азиз хотиралар

Қорлар… кўкда нурлар қуюқлашиб, юзларингни босса бўладиган қиёфага кириб қуйилаётгандек. Қорли кунлар билан боғлиқ яхши хотиралар ҳам биллур япроқлари жимирлаб турган атиргулларга ўхшайди қалбимда.

…1976 йилнинг куз охирлари эди. Марғилондаги ҳовлимиз, шомга яқин почтачи ҳар доимгидек бир даста газета ва журналлар ташлаб кетди. Улар орасидан “Шарқ юлдузи” журналини танлаб, уй остонасигача мундарижани кўриб чиқдим. “Юлдузлар мангу ёнади” деган сарлавҳа қизиқтириб қўйди, қиссани ўқий бош­ладим. Даҳлизнинг ўртасига хира лампочканинг ёруғи энг кўп тушадиган жойдаги шолчага чўкиб, кейинги саҳифаларга ўтдим. Астойдил ўтириб олдим. Асарнинг тили мен ўша пайт­гача эшитмаган, ўқимаган даражада жозиб; воқеалар ўша пайтгача мен идрок этганим еру осмон орасида эмас, қаҳрамоннинг озод қалб дунёси ичра чавандоз бўлиб от чоптирар; овозларни эшитгандек бўлардим, муаллиф билан қўшилиб қисса ҳодисотлари ичра ўзим ҳам бордек эдим… Вақтнинг ўтиб бораётганини куз кечаси бошланиб, совуқ тушаётгани, борлиғим жунжикаётганидан англардим. Лекин нигоҳларим, фикру хаёлим орқали бутун вужудимни ўзига боғлаб олган асардан ярим дақиқагина ажралиб, уйнинг мендан тўрт қадамгина наридаги эшигини ёпиб келишга хоҳишим йўқ эди. Асарни ўқиб тугатиб, бошимни кўтардим. Ичимда… гўёки мана шу бир ярим-икки соат ичида бир учқун чақнаб, чақмоққа айланиб кетгандек эди.

Ёзувчи Тоғай Муродни биринчи марта ғо­йибдан ана шундай таниганман. Кейин яна янги асарларини кўпчилик қатори ўқидим, яна янги китобларини кутадиган бўлдим.

1977 йил февралидан бошлаб устоз Зулфияхоним таклифи билан Тошкентга келиб, “Саодат” журналида ишлай бошладим.

Орада республика ёш шоирларидан бир нечтасининг (улар орасида мен ҳам бор эдим) шеърлари муҳокама қилинадиган семинар-йиғин бўлди. Машғулотлардан бўш вақтларда ўзаро суҳбатлар, хотиралар сўзлаш, шеърхонлик авж оларди. Ана шундай давраларнинг бирида йигитлар ўзларини, ижод оламидаги тенгқурлари, даврдошларини ҳам ҳазил-мутойиба билан таърифлаб қолдилар. Тоғай Муроднинг-да номи тилга олинди: “терс, феъли жуда қаттиқ, қўрс” — кулиб-кулиб айтилган сифатлардан мана шу маъно чиқарди. Биринчидан, мен Тоғай Муроднинг ўзини кўрмаган-гаплашмаганим, қолаверса, ўша даврада иккитагина қиз бўлганимиз учун, индамай эшитдим-у… дилимга бир савол михдек қоқилиб қолди: “Шундай ажойиб, қалбингни тар­биялаб, инсонлик мақомини улуғлайдиган дилбар асарлар ёзадиган адиб шахси, наҳотки, шундай бўлса?!” Мен учун бу саволга жавоб топиш жуда муҳим эди, аммо қандай қилиб?..

Аллоҳнинг меҳрибонлигини қаранг… Зулфия опа адабиётдаги янги асарларнинг деярли ҳаммаси билан танишиб борар, айниқса, ёш қаламкашларга алоҳида эътиборли эдилар. Бир куни журналнинг янги сони учун режа тузилаётганда, “Тоғай Муродни топинглар, ундан ҳикоями, қиссасидан парчами сўранглар”, деб қолдилар. “Мен, мен шу ишни бажарай”, дедим шошиб, кимдир бу вазифани зиммасига олиб қўйишидан хавотирланиб. Шундай қилиб, ижодкор билан танишишга йўл очилди.

Иш жойига — “Фан ва турмуш” журналига қўнғироқ қилдим. Озми-кўпми шуҳрат қозонган ёш ижодкорларга хос “Майли, ўйлаб кўраман”, “Вақтим жуда кам”, “Мен тайёрлаб қўяман, ўзингиз келиб олиб кетинг” қабилидаги жавоблар бўлишини кутдим. Лекин Тоғай Мурод бизнинг иш соатимиз неччигача эканини сўради ва яқин кунларда келишини айтди. Ваъда берган куни ҳикоя олиб келди. Ҳикояси чиққунча ва ундан кейин ҳам таҳририятимизга бир неча марта келди. У, одатда, иш вақти тугашига яқин, менимча, ўз ишхонасидаги вазифаларини бажариб бўлиб келарди. Кейин соатли бино — “Сао­дат” журнали жойлашган матбуот уйидан беш юз метрча нарида бўлган “Мустақиллик” метросигача мени кузатиб, ўз йўлига кетарди. Бундай пайтларда менинг дилимда у ҳақда бошқалардан эшитган ва хаёлимни пармалайверадиган “терс, феъли жуда қаттиқ, қўрс” деган гаплар айланаверарди, аммо тасдиғини топмасди. Чунки ёш адибнинг гап-сўзлари, муносабатларида ҳамиша андиша, кўзларида ҳаёга ўралган табассум бўларди. Аслида, табиатан мен ҳам у қадар журъатли эмасдим. Лекин Тоғай Муроднинг ана шу хислатлари ичимдагини ташимга чиқаришга йўл очди, назаримда.

Чиройли қор ёғиб турган кун эди. Метро сари борарканмиз, томдан тараша тушгандек: “Сиз ҳақингизда нимага унақа гаплар юради?..” деб савол бердим ва гапимнинг “…шундай ижодкор ҳақида нохуш фикрлар юришини истамайман” деган қисми томоғимнинг тагида қолди. Саволни беришга бердим-у, энди Тоғай аканинг жаҳли чиқиб кетиши, хафа бўлиб қолишидан хавотирда эдим. Воҳ! Бу ёғи ҳам кутилмаган ва бир умрлик ибратга лойиқ воқеа бўлди: Тоғай Мурод “Қанақа гаплар?” деб сўрамадиям, шунақа маза қилиб кулдики (ўшангача ва ундан кейин ҳам бунақа яйраб кулганини кўрмадим)! “Мен биламан. Ҳатто кимлар шундай дейишиниям биламан! — деди у худди ўзи ҳақида мақтов эшитаётган одамдек яхши кайфиятда. Кейин бир муддат жим борди-ю, эгнидан чанг­­ни қоқиб ташлаган каби кулимсираб қаради, гапида давом этди. — Дунё адабиётида, ўз устозларимиз ижодида шундай асарлар борки, мен ҳар доим ўшалар биланман”.

(Худди шундай жўмардликни Зулфияхонимда кўргандим: “Ёшлик” журналида босилиб чиққан бир ҳужжатли қисса қаҳрамони таниқли адиб тилидан айтилган Ҳамид Олимжон ва Зулфия муҳаббатига оид ножўя гапни ўқиб, Зулфия опа: “У улуғ ёзувчи бунақа гапларни айтадиган одам эмасди”, деб мавзуга нуқта қўйгандилар).

Кейин мен бир неча йиллар оила, бола-чақа ташвишига “кўмилдим”, унда-бунда саломлашиб ўтганимизни ҳисобга олмаганда, Тоғай Мурод шахсини, асосан, асарлари орқали чуқурроқ, теранроқ, яқинроқ англаб бордим. Унинг қаҳрамонлари дунёсига кирганим сайин: “Балки, ёзувчи ҳақида ҳазил-мутойиба билан айтилган ўша фикрларда жон бордир. Ахир миллат тарихи, тақдири, ҳаёти билан  боғлиқ шунча дард-изтиробларни қалбига юклаб олган инсон кулиб, яйраб, давраларда булбулдай сайраб юриши мумкинми?” деган мулоҳазага бордим.

Шу ўринда яна бир эшитганим ёдимга тушиб кетди: Ғафур Ғулом Зулфияхонимнинг “Ҳижрон сатрлари” туркумидаги шеърларини тинглаб: “Эй жигарим, шеърга шоир қалбидаги ўтнинг ўндан бири ҳам тушмайди. Бу ўт сени куйдириб ташлайди. Ёзма бунақа шеърларни”, деб шартта ўрнидан туриб хонадан чиқиб кетаркан, яна орқасига ўгирилиб: “Яхши ёзибсан”, дея эшикни ёпган экан.

Ҳақиқатан ҳам, асар қаламкаш қалбининг сурати. Яхши китоб ўқувчи қалбини нурга, меҳр-муҳаббатга, умумбашарий фазилатларга йўғирмоқ мақсадида унинг ўй-фикрлари, туйғулари, дунёқараши, хулосаларини қуюндек чирпирак қилиши, гирдобдек домига тортиши, уни ҳаётга янги келган каби ҳайратга солиши, ҳаттоки муҳаббатини нафратга ва нафратини муҳаб­батга айлантириши мумкин. Тоғай Мурод барча асарларини ёзганда ана шундай қалб эврилишларини саҳифаларга зарра-зарралаб сингдирган. Бетакрор асарлар муаллифи экани эътироф этиб бўлинган бу адибни ҳаётлик пайтида кўпчилигимиз, асосан, бизга ёққан китоб­ларнинг муаллифи сифатида танидик, билдик, мулоқотда бўлдик. Энди мени бошқа савол ўйлантиради: “Тоғай Муроднинг атрофида уни анг­лагувчи инсонлар қанча бўлган экан?..”

Сўзлаб беришларича, асарлари адабий жамоатчилик ва халқ орасида машҳур бўлиб кетган Тоғай Муродни бир неча адабиётшунос олимлар билан республика телевидениесига кўрсатув ёзиб олиш учун таклиф қилишибди. Айтилган кунда олимлар телестудияга йиғилишибди, аммо ёзувчининг ўзи келмабди. Кейин бунинг сабабини сўрашганда, “Кўриб турибман, адабиётшунослар менинг асаримни мақтаб гапиришади. Мен “Ҳа, шундай асар ёзиб қўйдим” деган маънода ўша даврада ўтираманми?” деб жавоб берган экан.

Дарвоқе, телевидение билан боғлиқ яна бир ибратли хотирам: бундан ўттиз йиллар муқаддам “O‘zbekiston” телерадиоканалида ишлардим. Кўрсатувлар тайёрлаш учун турли соҳа вакилларидан, яширишнинг ҳожати йўқ, баъзида топшириқлар туфайли ўзим истамаган одамлардан ҳам интервьюлар олардим. Шунақа дастурларимга кўзи тушган, шекилли, қаердадир учрашиб қолганимизда: “Сиз бош­қалардан эмас, бошқалар сиздан интервью олиши керак”, деди адиб жиддий. “Нима қипти, мен ҳам бир одамман, бошқалар ҳам”, дедим-қўйдим. Аслида ҳам шундай фикрда эдим. Йиллар… ўн йиллар ўтиб ўша танбеҳнинг моҳиятини кенг маънода ҳаёт англатгандек бўлди: иззат-ҳурматингни тушунадиган, қадрлайдиган инсонлар ва аксинча, иззат-ҳурматингга оёқ артиб ўтадиганлар ҳам бор экан. Якка инсонларнинг шахсий муносабатларидан тортиб ҳаттоки халқлару давлатлар тақдирига дохил масалаларда ҳам шу икки ҳолатни учратганимда, ўша гап ёдимга тушади. Тоғай Мурод ўзбек халқининг — бизнинг қалбимиз, қаддимиз, қадримиз тик бўлишини, меҳнатларимиз роҳатини кўриб, ҳеч кимга бўйин эгмай яшашимизни истаб, шунга муносиб халқ эканимизни англатишдек заҳматли меҳнатга чақмоқдек умрини, билими, иқтидорини тўлиқ бағишлади.

Муҳтарама УЛУҒОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − one =