Шахрам Ғиёсов: «Отам орзуларини менда кўради»
Асосийси, у ўз вазн тоифасида дунё чемпионлигини қўлга киритиши керак. Бундан ташқари, Шахрам «Рио-2016»даги хатосини «Токио-2020» Олимпиадасида тўғрилаши лозим. Бу кунларни кўришга эса кўп вақт қолгани йўқ…
Мамлакатимиздан юзлаб дунё тан олган чарм қўлқоп усталари етишиб чиққан. Бутун дунёга машҳур биринчи ўзбек жаҳон чемпиони Рифат Рисқиевнинг номи бокс тарихида алоҳида тилга олинади. Мустақиллик йилларида эса ўзбек бокс мактабининг довруғи янада ошди. Боксчиларимизнинг жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда дунё Олимпиадасида қўлга киритган ютуқлари халқаро миқёсда эътироф этила бошланди.
Ҳозирги кунда юртимизда Андижон, Тошкент ва Бухоро бокс мактаблари шаклланди. Бухоро бокс мактабида тарбияланган атлетлар барча мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Аслида, ушбу қадим ўлкада кўпчилик миллий курашга қизиқади. Кураш ушбу ҳудуд аҳолисининг қон-қонига сингиб кетган, десак муболаға эмас. Аммо боксга ҳам бухоролик ёшларнинг қизиқиши баланд.
Бир пайтлар Бухоро бокс мактаби тарбияланувчилари Наримон Атоев, Аббос Атоевлар спортнинг ушбу турида катта натижаларга эришган. Улардан кейин мазкур бокс мактабидан бир неча йил оралиғида ялт этган спортчи кўзга ташланмади. Аммо ХХI асрнинг иккинчи ўн йиллигида бу мактабнинг шонли тарихи яна тилга олина бошланди. Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси таркибига Шахрам Ғиёсов ва Шаҳобиддин Зоиров сингари маҳоратли атлетлар кириб келди.
Бу икки чарм қўлқоп устасининг сўнгги йилларда қайд этаётган натижалари мамлакатимиз нуфузини халқаро майдонда нечоғли юқорига кўтарганидан хабарингиз бор, албатта. Айниқса, Шахрам Ғиёсов бокс ихлосмандлари ва ёшларимизнинг ҳақиқий кумирига айланди. Тўғри, у 2016 йилда Рио-де Жанейрода ўтказилган Олимпиада ўйинларида юртимизга олтин медални олиб келолмади. Шундай бўлса-да, унинг Риода ўтказган ҳар бир жанги ва ғалабалари барчамизга манзур бўлди.
“Ўз йўлим ва кучим бўлиши керак”
Шахрам Ғиёсов 1993 йилда туғилган. Болалигидан спортнинг ушбу тури билан шуғулланишни бошлаган. Бокс тўгарагига илк қадам қўйган кунидан бошлаб катта ғалабаларга эришишни мақсад қилган. Бу борада унга оилавий муҳит ва отасининг кўмаги асқотди.
— Отам ёшлигида профессионал боксчи бўлишни орзу қилган, — дейди Шахрам оммавий ахборот воситалари вакилларига берган интервьюсида. — Афсуски, ўша пайтда имконият, шарт-шароит бунга монелик қилган. У киши агар фарзандим ўғил бўлса, албатта, спортчи қиламан, деб ният қилган эканлар. Мен шу кунгача нимага эришган бўлсам, ота-онамнинг меҳнати ва қўллаб-қувватлаши натижаси деб биламан.
Шахрамнинг боксга кириб келиши Муҳаммадқодир Абдуллаев ва Аббос Атоевнинг номлари жаҳон рингларида баланд янграган пайтларга тўғри келди. У ушбу чарм қўлқоп усталарининг ҳар бир жангини синчиклаб кузатарди. Хатолари ва ғалабаларини ўзича таҳлил этарди. Мураббийидан уларнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида сўраб, жангларда уларни такрорлашга интиларди. Лекин ҳеч қачон иккинчи Муҳаммадқодир ёки бошқа жаҳон даражасидаги боксчи бўлишни ўйламаган. Ҳар доим Шахрам Ғиёсов бўлишга интилди. Ўзининг боксда янги йўналиши бўлишини истарди.
Унинг халқаро майдондаги биринчи йирик ғалабаси 2014 йилда қайд этилди. Ўша йили у талабалар ўртасида Якутскийда ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Ушбу ғалаба унинг фаолиятида муҳим ўрин тутади. Чунки у мазкур мусобақада иштирок этиш орқали халқаро жанглар “таъми”ни татиб кўрди. Хорижлик боксчилар ҳам ўзига ўхшаган оддий йигитлар эканига амин бўлди. Агар барча қийинчиликларга дош берса, жаҳон рингларига номини муҳрлаб қўйишига ишонди. Бу ишонч ва қатъият боксчимизга куч берди, далда бўлди.
Олимп чўққисида қолган аламлар
2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган Олимпиада ўйинларида ўзбек боксчилари қайд этган натижа бутун дунё спорт ихлосмандларини лол қолдиргани ёдимизда. Ана шу дунёни ўзига қаратган йигитлар ичида Ғиёсов ҳам бор эди.
Унинг Рио рингларида кўрсатган жанглари ҳақида турли фикрлар ва мулоҳазалар билдирилди. Чунки унинг рақибига берадиган тезкор зарбалари уларни шошириб қўйган эди. Дунё рингларида ҳеч кимга «нон» бермай келаётган кубалик ва марокашлик, қозоғистонлик боксчилар ўшанда Шахрам билан эҳтиёткор бўлиб ҳисоблашгани ҳали ёдимизда.
Ушбу Олимпиадада кўпчилик боксчимизнинг олтин медални қўлга киритишига ишонган эди. Унинг финалгача бўлиб ўтган жанглари шундан далолат берар эди. Олимпиада чемпионлиги учун кечадиган жанггача бўлган йўлда дунёда ўз ўрнига эга бўлган кучли боксчиларни енгган атлетимиз ҳал қилувчи маҳорабада кучли қаршиликка дуч келди.
Афсуски, Шахрам мазкур жангда азалий рақиби қозоғистонлик Данияр Елеусиновдан очколар ҳисобида мағлубиятга учради. Якунда у Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида кумуш медаль билан ортга қайтди. Мазкур соврин мамлакатимиз боксчилари қўлга киритган илк Олимпиада кумуш медали сифатида ҳам тарихда қолди. Боксчимиз финалгача литвалик Эймантас Станёнис, кубалик Ронел Иглесиас ва марокашлик Муҳаммад Рабийни енгган эди. Финалдаги мағлубият нафақат Шахрамга, ҳатто ўзбек мухлисларига ҳам жуда аламли таъсир қилгани аниқ.
Азалий рақиблар «жанги» гамбургга кўчди
Олимпиададан сўнг боксчимиз руҳий тушкунликка тушгани йўқ. Аксинча, у олдинда турган жаҳон ва қитъа чемпионатига ҳозирлик кўра бошлади. 2017 йил Шахрам учун анча муваффақиятли келди. Дастлаб Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Мазкур мусобақа финалида ҳам ҳамюртимизга қозоқ боксчиси рўбару келди. Бу сафар эса ватандошимизнинг қўли баланд келди. Шу йилнинг сентябрь ойида Гамбургда ўтказилган жаҳон биринчилиги ҳам Шахрам учун омадли келди. Жаҳон чемпионлиги учун кечган учрашувда вакилимиз «Лондон-2012» Олимпиадаси олтин медаль соҳиби, кубалик Ронел Иглесиасга ҳеч қандай имконият қолдирмай дунё чемпионлигини тантана қилди. 2017 йилда Осиё бокс федерацияси ҳам Шахрамни қитъанинг энг кучли боксчиси деб эълон қилди.
Тўққиз жанг, тўққиз ғалаба
2017 йилдан бошлаб боксчи ўз имкониятини профессионал боксда синаб кўришга аҳд қилди. Бу борада у дунёга машҳур Америка Қўшма Штатларидаги промоутер компанияси билан шартнома тузди. Шахрам проф рингдаги илк жангини 2018 йил 10 мартда ўтказди. Жангнинг саккизинчи сониясидаёқ рақиби — аргентиналик Николас Веласкесни нокаут қилди. Шу йилнинг 21 апрель куни эса боксчимиз венгриялик Габор Горбични мағлубиятга, мексикалик боксчи Даниэл Эчевериюни эса биринчи раунддаёқ нокаутга учратди. Ганалик Альберт Менсга қарши ўтказилган беллашувда эса учинчи раундда рақибини техник нокаутга учратиб, профессионал боксдаги тўртинчи ғалабасини тантана қилди. Профессионал рингдаги икки йиллик фаолияти давомида бухоролик чарм қўлқоп устаси тўққизта жанг ўтказишга улгурди. Барчасида унинг қўли баланд келди. Жангларнинг 7 тасида рақибларини муддатидан аввал нокаутга учратди.
Шахрамнинг навбатдаги жанги шу йилнинг 24 августида Мексиканинг Эрмосильо шаҳридаги «Центро де Усос Мультиплес» аренасида ўтказилганидан хабарингиз бор. Шу куни у таниқли ва ўз вазн тоифасида профессионал боксчилар орасида етакчи ва камарга асосий даъвогарлардан бири, колумбиялик собиқ жаҳон чемпиони Дарлис Пересга қарши рингга кўтарилди. Ўн раундга мўлжалланган жанг муддатидан аввал якунига етди. Биринчи раунднинг 30 сонияси ўтиб улгурмасидан ўзбекистонлик боксчи чап қўлда кучли ва аниқ зарба йўллаб, рақибини рингга қулатди. Жангнинг бунчалик тез якунига етишини кутмаган рақиб анчагача ринг бўйлаб гандираклаб юрганини бутун дунё кўрди.
Битта ўн раундлик жанг ўтказиш учун бир неча ой тайёргарлик кўриб, рингга чиққанда, беллашувнинг 30 сониясидаёқ бир мушт билан қулаш ҳеч бир боксчига ҳурмат олиб келмайди. Афсуски, колумбиялик боксчи билан шундай ҳолат юз берди. Бу ҳам бўлса Шахрамнинг маҳорати ва ўз ишига профессионал тарзда ёндашганидан далолат беради.
Профессионал боксда Ғиёсовнинг олдида мураккаб ва машаққатли жанглар турибди. Асосийси, у ўз вазн тоифасида дунё чемпионлигини қўлга киритиши керак. Бундан ташқари, Шахрам «Рио-2016»даги хатосини «Токио-2020» Олимпиадасида тўғрилаши лозим. Бу кунларни кўришга эса кўп вақт қолгани йўқ…
Жобир Хўжақулов.