Арпа экиб, буғдой кутмаяпмизми?
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Тошкентнинг Ашхобод паркида болажонларга текин ўйинчоқлар тарқатилиши муносабати билан юз берган тартибсизликлар, кўнгилсизликлар ижтимоий тармоқларда, давлат телеканалларида анъанавий муҳокама, мунозараларга сабаб бўлган эди.
Анъанавий деганимки, “Биз таълим-тарбияда дунёга ибрат бўладиган аждодлар наслимиз, бизга бундай хатти-ҳаракатлар ярашмайди”, “Текин нарса тарқатилса, шунчалар очкўзлик қиламизми?”, “Бундай тарбия оиладан бошланиши керак”, “Аввало, катталар ўзи қитоб ўқиб ёшларга ўрнак кўрсатсин”, “Ашхобод боғидаги нохуш воқеа ижтимоий тармоқлардан кириб келаётган “оммавий маданият”нинг таъсири”, “Тарғибот-ташвиқот ишларини замонавий, таъсирчан усулларда олиб бориш керак…” хуллас, маънавий-маърифий йўналишдаги ҳар қандай мавзуни ёритишда ҳам, таҳлил этишда ҳам “навбатчи”га айланиб қолган шу каби фикрлар яна гуркираб майдонга чиқди. Гўёки офтоб чарақлаб, осмонда бир парча булут бўлмаган ёз кунида дўл савалагандек; ҳеч қачон ўт-ўлан унмаган ердан ўз-ўзидан алаф ўсиб чиққандек, нотиғу таҳлилчиларнинг аксарияти таассуф билан таажжубланишди: “Халқимиз қандай қилиб (ёки нега) текин бериладиган нарсаларга бунақа чопиб борадиган бўлиб қолди?”
Тўғриси, ҳар қанча чиройли бўлмасин, мақолалар аввалидаги кириш қисмлар ҳам баъзида кўнгилга сиғмай қолади. Жонинг оғриб турганда, аччиқ бўлса ҳам, муолажа тезроқ бошлангани яхши-да! Мақсадга ўтсак.
Юртбошимиз яқиндагина катта минбардан айтган қуйидаги гаплар ҳали қулоқларда янграб турибди: “Кеча Когон туманининг прокурори 100000 доллар пора билан қўлга тушди… унинг ўзи курашчи бўлиб, ходими ўғри бўлса, дардимизни кимга айтайлик?”
“Ўзбекистон-24” телеканали ахборот дастурларида эълон қилинган хабарлардан намуналар:
“Когон тумани халқ банки акциядорлик тижорат банкининг ахборотлаштириш шўъбаси раҳбари Илҳом Шомаматов бир абитуриентни олий ўқув даргоҳига киритиб қўйиш учун 25 минг АҚШ доллари сўраб олмоқчи бўлганда, Бухоро вилоят Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди…”
“Жиззах вилояти туман прокурорларидан бири таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари билан шуғулланадиган давлат унитар корхонасининг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан қурилиш фирмаси раҳбарига қамоққа олиш чораси қўлламаслик ва мазкур фирмада аниқланган камомад миқдорини камайтириб кўрсатиш эвазига 2 минг АҚШ доллари сўраб, ундан муқаддам 1200 АҚШ доллари олади. Прокурор қолган 800 долларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди…”
“Андижон ички ишлар бошқармасининг тергов бошқармаси катта терговчиси ҳамда вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи ўзаро келишган ҳолда жиноят доирасида… моддалар билан айбланаётган фуқарога суд идорасидаги мансабдор шахслар орқали озодликдан маҳрум этиш бўлмаган жазо тайинланишини ваъда қилиб, унинг опасидан 12 минг АҚШ доллари талаб қилишади. Тезкор тадбир натижасида мазкур шахсар ашёвий далиллар билан қўлга олинди…”
Ижтимоий тармоқларда ҳам мавзу бўйича сўров берсангиз бўлди: деярли барча соҳаларга тегишли ташкилоту идоралар билан боғлиқ юқоридагига ўхшаш маълумотлар, марҳамат, тизилиб чиқиб келаверади:
“Республикамиз вилоятларидан бирида ҳудудий электр тармоқлари акциядорлик жамияти раҳбари мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, ўз қўл остидаги ходими билан келишган ҳолда, янги ташкил этилган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шахобчасини унга яқин масофадан ўтган электр тармоғига уланишга рухсат бериш учун 15000 АҚШ доллари талаб қилади. ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бўлимлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс ўз хонасида порани олган вақтда ушланди”.
“ЙПХ ходими пора билан қўлга тушди” сарлавҳали видеода ЙПХ ходими ҳайдовчи узатган ҳужжат ичидан пулни олиб, ҳужжатни эгасига қайтаргани тасвирлари секинлаштирилган ҳолатда кўрсатилган.
“Самарқанд вилоятида фуқаролардан пул талаб қилган, хизмат вазифаси пайтида спиртли ичимлик ичган, формада бўлмаган бир гуруҳ ички ишлар ходимлари ишдан олинди”.
“Самарқанд вилоят Оқдарё тумани фермер хўжалиги раиси туман ҳокимлигида бош мутахассис вазифасида ишловчи ходим билан келишган ҳолда ўзи раҳбарлик қилаётган ер захирасининг бир гектар ер майдонини ҳокимлик захирасига қайтариб, сўнгра уни иссиқхона ташкил қилмоқчи бўлган фуқарога ҳужжатлаштириб бериш эвазига ундан 50000 АҚШ доллари ва “Neksiya” автомашинасини талаб қилишади. Вилоят прокуратураси ва ички ишлар ходимлари томонидан ушбу шахслар сўралган пулни олган вақтларида ашёвий далиллар билан қўлга олинди”.
“Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи чорвачилик қилмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, унга мазкур туман ҳудудидан 500 га ер ажратиб бериш эвазига 40 минг ҳамда мансабдор танишлари ёрдамида Муборак туманининг захира ер фондидан 500 га ер олиб бериш эвазига 40 минг — жами 80 минг АҚШ доллари сўрадилар. Улар бу сўралган пулнинг 50000 долларини олган пайтда вилоят хавфсизлик хизмати ва прокуратураси, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ушланди”.
“Юқори лавозимда ишлайдиган раҳбарлар пора билан қўлга тушди”, “Қатор раҳбарлар пора билан қўлга тушди”… хуллас, охири кўринмайди…
Ҳозир миллионлаб юртдошларимиз (аксарияти ёшлар, ўрта ёшлилар) кузатиб, кўриб, ўқиб боришига имкон бўлган ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига етиб бораётган кундалик хабарлар, воқеа-ҳодисаларнинг қанча фоизи ибратли, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилади-ю, қанча фоизи бунинг акси деган нуқтаи назардан таҳлил этиладиган бўлса, тарозининг салбий ахборотлар турган палласи анча оғирлигини ҳеч ким рад этмаса керак. Кун-кун ора бир шов-шув чиқади: “Фалончи ўғри ушланибди”, “Фалон туманнинг фалончиси пора билан (ахлоқий бузуқлик, мансабни суиистеъмол қилиб…) қўлга тушибди”, “Ўқитувчи (тарбиячи) ўқувчисини (тарбияланувчисини) урибди” ёки аксинча, “Фалон мансабдорга вояга етмаган қизларни йиллаб номусига теккани учун бир ярим йил шартли жазо берилибди”, “Касалманд онанинг ёлғизгина ўн тўрт яшар боласи дўкондан ўн етти минг сўмлик майда-чуйда егуликларни олган экан, қамаб қўйишибди, икки кунда ўсмирнинг ўлиги чиқибди”… Ўйлаб-ўйлаб, яқин-ўртада ижтимоий тармоқда юртимизнинг оддий, меҳнаткаш кишилари билан боғлиқ бўлган, ўқиб кўнглинг кўтариладиган ёки ўрнак оладиган, ёки қадрдонлару болаларингга ибрат қилиб гапириб берадиган нарса учратганимни эслолмадим. Айримлар наздида “глобал ўзгаришлар даврининг одамлари ўқиб ўтиришга вақти ҳам бўлмайдиган” босма нашрлар: ададлари жилдираб ётган ариқчадек ночор бўлган газета, журналларда эълон қилинаётган чин ватанпарварлар, халқсеварлар, фидойи тадбиркорлар, тажрибали отахону онахонлар, ўз касбининг моҳир усталари ҳақидаги, тарих ва бугун билан боғлиқ ибратли қадриятлару урф-одатлар тўғрисидаги мақола, очерк, эссе, суҳбатларни айни кунда юртимиз аҳолисининг, ҳеч бўлмаса, бир фоизи ўқирмикин? Аммо ижтимоий тармоқлардаги лайк босувчилар сонини кўпайтириш учун росту ёлғон аралаш, хом-хатала, имловий ва мантиқий саводсизлик услуб даражасига кўтарилиб ёзилган контентларнинг миллион-миллион ўқувчилари бор. Биз уларни айблашга, “нимага уни эмас, буни ўқияпсан?” дейишга ҳақимиз йўқ. Чунки адабиёт, журналистиканинг ҳаётдаги ўрни, аҳамияти; уларнинг вазифаси ва шундан келиб чиқиб халққа тақдим этиладиган ахборот оқимининг мазмун-моҳияти, шаклу шамойили қандай бўлишини яхши билгани учун мамлакат оммавий ахборот тизими идораларида масъул вазифаларда ўтирганларки, жамият онгига соғлом, миллий манфаатларга хизмат қиладиган, юксак маданияту маънавиятни шакллантирадиган воситалар кириб боришига бефарқ бўлсалар, бошқалардан нима гина?
Энди холис жавоб берайлик: ижтимоий тармоқларда, ён-атрофидагиларнинг баҳсу суҳбатларида ўзлари шундоқ ҳам жамиятнинг иқтисодий таъминланган тоифалари вакили бўла туриб, яна тўймасликка қолган, нафс ботқоғига ботган, қандай қилиб бўлмасин жамият мулкини кемиришга ружу қўйганларнинг порахўрлиги, ҳаромхўрлиги, пасткашлиги ҳақида ўқийвергач, эшитавергач… кимлардир “Ҳадяга берилаётган экан, текин ўйинчоқни олишнинг нимаси ёмон? Нимаси уятли?” деса, эътирозга ўрин йўқ. Фақат… бепул тарқатилган ўйинчоқларга эга бўлиш жараёни жуда хунук бўлди, дейсизми?
Тажрибали тележурналистлар, таниқли актёрлар ҳамкорлигида тайёрланадиган айрим телешоуларда иштирок этиш учун томошабинларга иложи борича кўпроқ қопқоқлар тўплаш шарти қўйилганига (инсон умри банд этилаётган машғулотни қаранг!) нима дейсиз? Буни тўплаш учун нафақат пулни, балки маънавий, жисмоний соғликни ҳам гаровга қўйиб, кимёвий моддалар билан ранг берилган юзлаб салқин ичимликларни ичиб, сочган кап-катта эркагу аёллардан бир нечтаси шоу дастурларида шоду хандон гардкам ўйнаб ўтиришлари Ашхобод боғидаги нохушликлардан минг бора ачинарли эмасми? Улар осон даромад топиш илинжида бўлганлар тегирмонига сув қуйиб, белингни оғритмай бойлик орттириш мумкин, деган тарбияга мутлақо зид фикрларини экранлар орқали миллионларга тарқатмаяптиларми?
Орият, номус тушунчаларининг илдизи вақтга нисбатан олинганда, миллатнинг шаклланиш даврига бориб тақалар балки… ҳар бир инсонга муқояса қилинса, унинг миллатга нечоғлиқ муносиблигини белгиловчи улуғ неъмат, деса бўлармикин?..
Юқорида ҳаммага бирдек маълум бўлган маълумотлар келтирилди. Ачинарлиси… остона босиб ташқарига чиқсанг, “текин бўлса, михни ютадиганлар” орасида маҳаллаларда имконияти чекланган оилалар фарзандларига қонунан ажратилган моддий ёрдамни тақсимловчилардан тортиб, қонун устувор бўлган давлат қуриш йўлида бўлган мамлакатимизнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари вакилларигача топилади. Ёқимсиз гапларни мухтасар қилгим келади, бироқ… мана ҳозир ҳам ижтимоий тармоқда тарқалган бир ёзувда бухоролик мактаб директорининг юқоридагиларга берган совға-саломларини санаб, унга кетган маблағни ўқитувчилардан ундириш ҳақида куйиб-ёниб айтган гаплари жаранглаб турибди…
Улуғларнинг ажойиб фазилати бор: улар “мен” деб гапирмайдилар. Ютуқларниям, камчиликларниям “биз” дея шарҳлайдилар. Улардан ўрганайлик. Ютуқлар ҳақида сўзлаганда ҳаволаниб кўпдан ажралмайлик, камчиликларни таҳлил этганда ўзимиз “оппоқ” бўлиб четда турмайлик. Яхшироқ ишга кириш, мансаб поғоналаридан кўтарилиш, мақтову мукофотлар олиш, раҳбарга яхши кўриниш, кимдир меҳнату машаққат билан эришган ютуқларга шерик бўлиш ёки уни тамоман ўзлаштириб олиш илинжида сўзи, мулозамати, хизмати ва яна нималарнидир кўринар-кўринмас пора сифатида ишлатаётганлар ва уларга бошқача “илтифоти”ни яширмаётганлар топилмайдими атрофимизда? Бу иллатлар ўзимизда йўқми? Токи шу саволга рост жавоб бериб, ўзимизни, жамиятдошларимизни бундай гуноҳлардан тиймас эканмиз, юқоридаги каби воқеалар ачиган хамир учидан миттигина патирча бўлиб қолаверади.
Дарвоқе, Ашхобод боғида совға тарқатишларини аввалдан эълон қилган йигитларга: ўнг қўл эҳсонини чап қўл ҳам билмагани афзал экани ҳақидаги ҳадис ҳикматини унутмайлик.
Муҳтарама УЛУҒОВА