Янги Ўзбекистон — мангу Ўзбекистон!

Хуршидбек РЎЗИЕВ,

Ички ишлар вазири

маслаҳатчиси,

подполковник.

Ўзбекистон буюк давлат бўлмоқдадир,

Буни дунё англамоқда, билмоқдадир.

 

Узоқ-яқин, дўсту қардош эллар бу чоқ,

Интилмоқда бизга томон очиб қучоқ.

 

Кимдир сўрар: “Қани айтгин, сен ким томон?”

Юртбошим дер: “Ҳеч шубҳасиз — халқим томон!”

 

Аҳли башар яшасин деб дориломон,

Тинчлик учун овоз берар Ўзбекистон!

 

Аждодларим дунё кезиб билим терган,

Илму амал, адолатдан сабоқ берган.

 

Мангу маёқ боболарнинг тафаккури —

Авлодларнинг ишончи, фахру ғурури!

 

Алломалар камол топган китоб билан,

Бир зот чиқди “Ўқинг!” деган хитоб билан.

 

Кўҳна даъват чорлаб тоза кўнгилларни,

Китобга дўст этмиш ука-сингилларни.

 

Фикри уйғоқ, йўли равон, кўнгли озод,

Олтин авлод улғаймоқда, олтин авлод!

 

Юртга келган меҳмон борки, дарахт экмиш,

Бу ишидан ўзи ҳам бир фараҳ этмиш.

 

Кўчат экмоқ асли савоб, эзгуликдир,

Тириклик ва охиратга етгуликдир.

 

Ўзбек қайга борса ҳадя — китоб берган,

Ихлос билан чин кўнгилдан офтоб берган.

 

Меҳри уммон халқим бугун денгиз бўлиб,

Қардошларга, қондошларга эгиз бўлиб.

 

Неча довон, тоғу тошу чўллар ошдик,

Юртлараро манфаатли йўллар очдик.

Бу зафарлар кўтармишдир юрт қаддини,

Энг аввало, азиз билиб эл қадрини.

 

Яшар бунда миллион-миллион овоз, истак,

Тилаклари тугамайди, шеърда битсак.

 

Ҳақиқатни айтсак тоза виждон билан:

Юксалдик-ку даврим берган имкон билан.

 

Ислоҳот — бу ўзни ислоҳ қилмоқ асли,

Юрт ишига енг шимариб кирмоқ фасли.

 

Эл ишидан ким ўзини четга олса,

Ё сафларга шубҳа билан назар солса.

 

Бундай касни Худойим ҳам бандам демас,

Ўз тупроғин севмаса ким — биздан эмас!

 

Халқ ишончи, муҳаббати чин зафардир,

Янги авлод майдонларда музаффардир.

 

Шоҳсупадан тушмас энди полвонлари —

Олимпия шаҳрин қизу ўғлонлари!

 

Жаҳон уйқаш ҳадик билан, қўрқув билан,

Ҳар кун тўқнаш уруш деган қайғу билан.

 

Иймони бут инсон бунда берди фармон,

Мазлумларга халқим меҳри бўлди дармон.

 

Жабрдийда жонга жонин тутар ўзбек,

Бағрин очиб, ошу нонин тутар ўзбек.

 

Азал шундай — бағрикенглик бизга одат,

Йиқилганга қўл узатмоқ ҳам ибодат.

 

Фидойилик — Ватан учун жонни тикмоқ,

Тинчлик учун ҳар фурсату онни тикмоқ.

 

Ватан ишқи — садоқату меҳнатдадир,

Юрт ишончин оқлаш ҳалол хизматдадир.

 

Бу бир чорлов қирқ миллион қора қошга,

Мамлакатда қадр топган ҳар юртдошга.

 

Шу эл учун хизмат қилиб улгурайлик!

Ватан бағрин шарафларга тўлдирайлик!

 

Ўзбекистон — катта йўлга тушган карвон,

Шиддатидан, ҳайбатидан дунё ҳайрон.

 

Шукр деймиз Аллоҳ берган неъматига,

Кўз тегмасин тараққиёт суръатига.

 

Ҳар кун ҳисса қўшсам дейман эл корига,

Мадад бўлиб гул Ватаннинг меъморига.

 

Жаҳон аро бир жаҳон бу — нурли бўстон!

Янги Ўзбекистон — мангу Ўзбекистон!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 4 =