Тинимсиз ғилдирак

Республикада 35-40 минг чоғли муаллимлар ўқувчиларга тарих фанидан сабоқ берар экан. Албатта, уларнинг ҳаммасини бир масала атрофида бошини қовуштириш қийиндир, бироқ ҳаммаси ғилдиракнинг кашф этилиш тарихи ва унинг инсон ҳаётидаги ўрнини яхши биладилар. Ибтидоий одам ғўла айланиб кетишини кўзи билан кўрган ва унга таассиб қилиб, кейинчалик ғилдиракка асос бўлган қурилмани яратгандир. Ғилдиракнинг эса техника, умуман, механикада ўйнаган ролини таърифлаш қийин. Унинг кашф қилиниши бу соҳада чинакам инқилоб ясаган. У жуда кўплаб механизмларнинг асосини ёки энг муҳим қисмини ташкил қилади.

Яна шундай фикрлар, гаплар борки, улар ҳам ғилдирак каби муттасил айланиб туради, тураверади. Узоққа бормай, тарих сабоқларини эсга олайлик. Аврелий Августин (356-430 йй.) “Бирор халқни уйғотмоқчи бўлсангиз, унга тарихини ўргатинг” деган экан. Машҳур илоҳиётшунос, файласуф, христиан черковига асос бўлган Гиппон ибодатхонасининг епископи бўлган зот беҳудага бу хулосага келмаган бўлса керак. У ҳақиқатни билишнинг ягона йўли тарихни билишдир, деб таъкидлаган. Файласуф инсон ҳар қандай масалада ҳақиқатни (яъни, гап нимадалигини) билишга интилади, ҳақиқат эса тарихдадир, деб билган. Тарихни билган одам Ҳаққа яқинлашади — Аврелий Онҳазрат (Блаженний)нинг энг катта хулосаси шундай.

Демак, тарихни ўрганишни тақиқлаш ҳақиқатни билишни, ўрганишни тақиқлаш билан баробар экан. Ҳақиқатни билмаслик — гумроҳлик, яъни ўрага қамалишдек гап. Гумроҳ одамга эса ҳеч нарсанинг қизиғи йўқ, айниқса, у ўрадан чиқишга бутунлай умидини узган ҳолда бўлса. Чор босқинчилари Черняев, Скобелев, Кауфман ва бошқаларнинг Оқ подшога ёзган ҳисоботларида “Биз ўзимиздан анча юксак салоҳиятга эга бўлган халқ билан юзма-юз бўлдик. Буларни енгиш қийин. Фақат тили ва тарихидан бегона қилибгина мақсадга эришиш мумкин” қабилида арз-ҳол қилишлари ҳам бежиз эмас экан. Бу хулосалар тарихда жуда кўп халқларни босиб олган мустамлакачилар сиёсати мисолида исботланган, уни таъкидлашдан мақсад баъзи лоқайдлашган зеҳнларга масаланинг нечоғлик муҳимлигини яна бир марта таъкидлаб қўйишдир.

Шундай қилиб, ғилдирак айланади ва янгиликка йўл очилади. Янгилик шуки, мазкур ўқув йилидан бошлаб, олий ўқув юртларининг номутахассислик факультетларида фақат 1991 йилдан кейинги тарих ўқитиладиган бўлди. Олдин эса бир йил давомида (икки семестр) тарих фани ўқитилган. Тўртинчи босқичда тарих ва бошқа ижтимоий фанлардан умумлаштирилиб, давлат имтиҳони топширилган. Янги тартиб жорий қилингач, бу ёғи нима бўлишини ҳозирча ҳеч ким айта олмайди.

Умумий ўрта таълимга, умуман, мактабга эътибор кучайгандан-кучайган шароитда бу масалага муносабат қандайлиги билан қизиқдик. Мактаб дастурига ҳам бу ўқув йилидан муҳим янгилик сифатида “Тарбия” дарслари киритилди. Бу фан олдин амалда бўлган “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий ғоя”, “Маънавият асослари” дарслари ўрнига жорий қилинди. Маълумки, мамлакатимизда “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” (Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги 1059-қарори билан тасдиқланган) қабул қилинган ва унинг мақсади — “ёш авлодда мустақил ҳаёт учун зарур ижтимоий кўникма ва фазилатларни ёшига мос, босқичма-босқич шакллантириш асосида юксак фазилатли, баркамол авлодни вояга етказиш”дан иборат. Шубҳасиз, унинг талаблари ўсиб келаётган келажагимиз эгаларини ҳар томонлама комил инсонлар қилиб тарбиялашда, “ижтимоий кўникма ва фазилатларни… шакллантириш”да бой тарихий меросимиздан самарали фойдаланишни кўзда тутади.

Энди, яъни бу йил жорий қилинган Тарбия дарсларида бу ҳол акс этган, ундан кутилаётган натижалар улкан, албатта, янгилик бойитилиб борилади, шу билан бирга ҳали бу борада баҳс ва изланишлар давом этади. Умуман, тарих фанининг ўқитилиши билан қизиққанимизда эса олдиндан тасаввур қилиб бўлмайдиган манзараларга дуч келдик. Албатта, болалар қийқириғи муттасил янграб турадиган, юзлаб катта-кичик одам кириб чиқадиган даргоҳни ёнлаб ўтиб кетиш бошқа, унинг остонасидан ичкарига қадам қўйиб, ҳақиқий аҳвол билан танишиш бошқа экан.

Хуллас, тарих фанининг ўқитилиши масаласида турли доираларга мурожаат қилиб ва мактаблар фаолияти билан танишиб, кутилмаган манзараларга дуч келинди. Тафсилотларга ўтишдан олдин бир ҳолни қайд этишни хоҳлардим. Турли нашрларда мактаб-маориф ҳақида мақолаларни ўқиб қоламиз, муаллимлар, мутасаддилар ўз ишларидан ахборот берадилар. Аммо уларда бугунги мактабнинг об-ҳавосини ҳис этмайсиз, ҳозир бу даргоҳларда кетаётган қизғин жараённинг ҳарорати йўқ. Улар ё мактаб даргоҳига кирмасдан, ташриф буюрилмай, телефон ёхуд ҳисоботлардан олиб тайёрланган   ёки шунчаки йўлига ёзилган бўлади, чамаси. Бу борада ҳамкасбларимизга, шу мавзуда қалам тебратаётганларга жиддий эътироз билдиришга ҳақлимиз. Очиғи — мактабдаги иқлимни соф, тоза, мусаффо қилмай туриб, бу жойда ошкоралик, ўз-ўзини танқид муҳитини яратмай туриб, бирор ўзгаришни амалга ошириш мумкин эмас. Соҳадаги аҳвол эса маълум — қарийб чорак асрдан бери бу соҳада “ислоҳот”лар давом этади: гоҳ дарслик ўзгаради, гоҳ дастур ўзгаради, ҳатто юқори синфлар қисқартириб ташланди ҳам. Олий маълумотли педагог, ўн йил мактабларда дарс берган устоз сифатида айтаманки, бу соҳанинг олтин қоидаларидан бири — таълим-тарбия барқарорликни, консерваторликни ёқтиради. Дарсликнинг ўзи эмас, ҳатто унинг муқоваси ранги ўзгартирилса   ҳам салбий эффект беради: уни қабул қилиш учун қувват сарфланади, вақт йўқотилади. Йирик руҳшунослар, педагоглар шундай хулосаларга келишган. Бугунги мактабдаги аҳвол-чи?!

Телефон орқали сўзлашиб ёки ташриф буюриб, бир умумий ҳолга гувоҳ бўлдикки, бу манзара бир қарашда таажжубли туюлади. Сен бировга қўлингни узатсанг-да, у томон “Йўқ, мен ..” деб турса, ғалати бўларкан: кимга мурожаат қилинса ёки бирор саволга жавоб олиш керак бўлса, маорифчилар иложи борича тутқич бермасликка ёки “қўлга илинадиган” бирор гап айтмасликка ҳаракат қилишади. Иложсиз қўлга тушиб қолганлар эса қўрқув ва саросима ичида умумий гаплардан нари ўтишмайди. Ҳатто “Тарих фанига ўн йил, беш йил, икки йил олдин қанча соат ажратилганди?” сингари жўн саволларга йигирма йил илмий бўлим мудири бўлиб ишлаган “ҳурматли педагоглар” ҳам аниқ жавоб бера олмайди ёки ҳақиқий аҳволни яширади. Гўё шундан манфаатдордек, чалкаштиришади, ёлғон ахборот беришади. Яна бир ҳол – жуда ўтиниб, ўз исм-шарифларини атамасликни сўрашади (уларни ранжитмаслик учун ўшандай қилаяпмиз). Умуман, бутун халқ эътиборидаги бу соҳа ёпиқ майдонга айланганга ўхшайди (“ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп”) ва шу орқали улар ўз масъулиятларини бўйинларидан соқит қилишмоқчи ва шу йўл билан жавобгарликдан қутулиб қолмоқчи бўлишади гўё.

Бундай ҳолат бор гап. Уни қарорлар, тадбирлар, дўқ-пўписа билан ўнглаб бўлмайди. Ягона йўли – “ҳурматли педагог”лар қалбидаги ўчиб қолган чироқни ёқиб юбориш, яъни педагогларнинг ўзига педагогларча муносабат билдириш. Ҳар бир устоз масъулиятни ўзи ҳис қилмас экан, қалбидаги мудраб қолган туйғулар – ватанпарварлик, инсонпарварлик, келажак олдидаги масъулият, одамийлик сингари бурчдорлик ҳисси, энг асосийси — гўзалликни қадрлаш малакаси уйғонмас экан, унинг маошини оширган ёки мукофотлаган билан ҳеч нарса ўзгармай қолаверади (бир ҳол кўзга ташланаяпти: паст овозда айтилаётган таклифларда ҳам дарсликлар сифати ёки дарс соатларининг камайиб кетиши эмас, фақат маошни ошириш ёки имтиёзларни кўпайтириш ҳақида гап бўлмоқда. Ҳолбуки, қадимги замонларда устознинг рамзи – шам бўлган, у ёнади ва давраларни ёруғ қилади. Зиё улашиш фидойиликни талаб қилади, имтиёзни эмас!) Шунга ўхшаш нохуш ҳолатлардан қутулишнинг йўли — устозларда ўзи танлаган касбнинг олижаноблигига ишончни мустаҳкамлаш, меҳрни қайтариш, жамиятда ҳурматини жойига қўйишдир. Энг асосийси — “тадбирбоз”лик ва турли қайта тайёрлашларга чек қўйиб, уларнинг ўзига ўзи билан “гаплашиб олиши”га имкон яратиш. Устозлар кераксиз тадбирлардан, семинарлар-у, қўшимча топшириқлардан жуда чарчаган.

Бу масаланинг маънавий томони. Хусусий жиҳатларга қайтадиган бўлсак, фанлар, жумладан, тарихдан бериладиган сабоқларнинг қанчалик самара бериши, шубҳасиз, муаллимнинг тайёргарлигига боғлиқ. Дарсликлар ва дастурларнинг муттасил ўзгариб туриши ўқитувчиларда маълум қийинчиликлар туғдиргани бор гап. Шундай шароит уларнинг ўз устларида ишлашлари, давр талаби билан ҳамқадам бўлишларида муаммоларни юзага келтирди. Дейлик, мактаб ва матбуот масаласи қанчалик жиддий тус олганига ҳамма гувоҳ. Бу ҳолга давлатимиз раҳбари аниқ ташхис қўйди: “Афсуски, биз кейинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик… Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлиб қолди”.

Бир гал   ташриф буюрган мактабларнинг   бирида ўқитувчига ўзим билан олиб борган гезетани туҳфа қилдим.

— Маънавият хонасига қўйинг, ўзингиз ўқинг, ҳамкасбларингиз ҳам ўқийди, — дедим.

— Иккаласи ҳам бир хил-ку, — деди ажабланиб устоз, катта-катта қилиб ёзилган “HURRIYAT” сўзини кўрсатиб. Бу умрида газета кўрмаган одамнинг гапи эди.

— Газетанинг номи бу, ичи ҳар сафар янги бўлади, — дедим Суқрот шогирдларига гап ўқтиргандек ҳижжалаб. Қўлидаги вароқни ушлаб анграйиб турган, қарийб йигирма йиллик “педстаж”га эга шу устознинг бирон марта газета очиб ўқиганига ишониб бўлмайди.

Барибир, устозларнинг мулоҳазаларини тинглаш мароқли. Улар айтадики, ўқувчиларда тарих фанини ўқиш-ўрганишга қизиқиш сусайиб кетган. Бу ҳолнинг сабаблари кўп. Жумладан, олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида чекловлар бўлди. Бундан ташқари дарслар зерикарли, қўшимча материаллар йўқ ҳисоби. Масалан, Жанна д`Арк ҳақида гапириш лозим бўлса, суратлар, карталар, ҳатто видеоматериаллар ошиб-тошиб ётибди. Дукчи эшон ҳақида гап кетганда эса чопонига ўраниб олган ожиз чолнинг суратидан бошқа намойиш қилинадиган нарса йўқ. “Мана, инглиз тили қандай қизиқарли ўтилади. Бунақа бўлгач, бола зерикмайди-да”. Демак, рассомлар, киночилар ҳам мактабдан анча қарздор экан. Фаннинг ўзида ҳали ягона тўхтамга келинмаган ўринлар ҳам кўп, ҳатто тарихий шахсларнинг исмларини ёзишда бир хилликка эришилмаган. Кўп воқеаларга ҳали етарлича илмий, сиёсий баҳо берилмаган ўринлар бор. Ёки синфлар бўйича даврлар тақсимотида ҳам тенглик йўқ. Еттинчи синфда минг йилдан зиёд давр тарихи ўрганилса, баъзи синфларда 70-80 йиллик тарихни ўрганиш кўзда тутилган. Умуман, дарсликларнинг тузилишида шўро давридаги қолиплар сақланиб қолган (“Икки ҳафтада дарслик ёзган пайтлар бўлди”, дейди суҳбатдошлардан бири). Энди тарихимизда ёрқин из қолдирган даврлар батафсил ва ҳар томонлама ўрганилиши лозим эмасми?

Эътибор бераяпсизми, ғилдирак жойида айланиб ётгандек таассурот уйғотмоқда. Демак, предметнинг ўзини ўрганиш ва ўргатишда муаммолар бартараф этилмаган. Матбуотда тарих фанини хронологик тартибда эмас, мавзулар бўйича (шаҳарлар, ҳунармандчилик, буюк шахслар, дин, маданият тарихи сингари) ўрганиш юзасидан фикр билдирилганди (“Ҳуррият” г., 2020 йил, 15 январь, “Маърифат” г., 2020 йил, 4 март), унга ҳеч қандай муносабат билдирилмади. Майли, ўқув дастурини ўзгартириш, дарсликларни янгилаш қийиндир, аммо шу мавзуларда қўшимча адабиёт сифатида китоблар, рисолалар яратиш мумкин-ку. Бу борадаги изланишлар кўзга чалинмайди. Худди шундай юмушларга бош-қош бўлиши керак бўлган Республика Таълим марказининг фаолияти эса ҳозиргача тушунарсиз бўлиб келмоқда. Марказ муаллифнинг “Ҳазрат Соҳибқирон” ва “Соҳибқирон абадияти” китобларини “Ўрта мактаб ўқувчилари учун фойдаланишга тавсия қилинмасин” деб хулоса берган (2018 йил, 26 сентябрдаги қарори). Кўраяпмизки, ғилдирак тескари айланган. Узоқ тортишувлар, матбуот чиқишларидан кейин яна ўзини инкор қилиб, “қўшимча адабиёт сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқ, деб топилсин” тарзида хулоса берди (2018 йил, 29 ноябрь).

Хуллас, тарих фанини ўқитиш, умуман, мактаб ҳаёти сингари, ана шундай муаммолар гирдобида яшамоқда. Вақт эса кутиб турмайди. Замоннинг ўзи жиддий ташвишларни кўндаланг қўймоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, “Ҳозирги пайтда дунё миқёсида рақобат кескин тус олиб бораётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Бу шиддатли рақобатга фақат замонавий илм-фан ва инновация ютуқларини кенг жорий этиш орқали муносиб жавоб бера оламиз”. Албатта, янгиликларни амалиётга киритиш кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Улуғвор вазифаларни эса қалбида миллат ғурури ва ифтихори жўш урган авлодгина уддалай олади. Зеро, ўтмиш сабоғи, аждодлар жасорати энг ёрқин ибратдир. Кимки ўз жонажон тарихини жондан севса, унинг барча сирларини пухта ўрганса, ўзида оламшумул юмушларга куч топа олади. Аксинча, қадимги юнон файласуфи Цицерон таъбири билан айтганда, “Тарихни билмаслик бир умр гўдак бўлиб қолишдир”. Ғилдиракнинг мудом олдинга айланиши шаксиз ҳаётий зарурат ҳисобланади.

Ҳаким Сатторий,

Республика Маънавият ва маърифат марказининг масъул ходими, ёзувчи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 3 =