ҲАЙБАРАКАЛЛАЧИ

Муаллиф ҳақида:
Холиёр Сафаров — 1983 йил 21 февралда Чироқчи тумани, Айритом қиш­лоғида туғилган.
2005 йилда СамДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.
“Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналлари ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси” ва бош­­қа нашрларда асарлари мунтазам эълон қилиб борилади.
Биринчи китоби – “Ой ботмаган кечалар” (2010 йил, ҳикоялар), сўнгра “Қанотсиз қушлар” (2015 йил, қисса ва ҳикоялар), “Номус ва ҳаёт” (2019 йил, қисса ва ҳикоялар) номли китоблари чоп этилган.
Айни пайтда “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Илмий-оммабоп телефильмлар” муҳарририяти бош муҳаррири ўринбосари бўлиб меҳнат қилмоқда.

Шаҳарчада миш-миш тарқалди.
– Ҳайбар ака тилдан қолибди!
– Қайси Ҳайбар ака?
– Ўзимизнинг Ҳайбар ака бор-ку, Баракаев!
– Ҳа-а… Ҳайбаракаллачи Ҳайбар аками? Йўғ-е?.. Кечагина тадбирда булбулдай сайраётганди-ку?
– Бечора…
Ҳайбар Баракаев ўқитувчиликдан нафақага чиққан маҳалла фаоли эди. Унинг ажойиб бир одати бўларди. Дарс пайти уй вазифасини бажариб, шеър ёдлаб келган ўқувчилар ғингшиб, чийиллоқ ёки хириллоқ овозда ўқишса, қони қайнаб, шарт ўрнидан турарди-да, қўлларини силкитганича ўзи шеър айта бошларди:
Халқ денгиздир,
халқ тўлқиндир, халқ кучдир,
Халқ исёндир,
халқ оловдир, халқ ўчдир…
Бу пайтда гўёки момақалдироқ гумбурлаб, мактабнинг томи кўтарилиб кетгандек туюларди.
Домла баланд бўйли, бироз қорин қўйган, доим бўйинбоғ тақиб юрувчи, калласи катта киши бўлиб, сочи қалин ва қаттиқлигидан сал ўсса, тик­райиб қолар ва бошини янада каттароқ кўрсатар эди. Шу сабабли эртага ҳарбий хизматга кетаётгандай доим сочини калта олдириб юрарди. Унинг ниҳоятда кўп билиши, бир даврада ўқиган шеърини бошқа жойда қайтармаслигига қойил қолган тенгдош­лари: “Домла, бунча нарсани хотирада қандай сақлаб юрасиз?” деб сўраса, “Каллам катта, кўп нарса сиғади”, деб ҳазиллашиб қўярди.
Баракаев нафақага чиққан йили шаҳарчада кўп қаватли янги уйлар қурилди. Уйга эҳтиёжмандлар орасида тўрт фарзанднинг отаси бўлган домланинг ўзи ҳам бор эди. Янги уйлар ўз эгаларига топшириладиган куни уни алоҳида сўраб қолишди.
Баракаевга жон кирди. Анчадан бери ҳокимни кўриш ниятида эди. Соқол-мўйлабини қириб, оқ кўйлак устидан тадбирлар учун олган костюм-шимини кийиб, бўйинбоғни тақиб, атир сепиб, туфлисигача эътибор берди.
У янги уйлар олдига етиб келганида тумонат одам йиғилган, тадбир бошланиб кетган эди. Баракаевга навбат кечроқ келди. У Эверестни зарб этишни аҳд қилган алпинистдай мағрур минбарга чиқди ва деди:
– Азизларим, бугун дунёда ватан ичра ватансизлар қанча? Айрим давлатларда бир бурда нонга зор бўлиб, кўлмакдан сув ичиб тирикчилик қилаётганлар қанча? Ўзаро урушлар кечаётган мамлакатларда одамлар ўз уйида бехавотир ўтиролмаяпти, кўчага чиқолмаяпти, бешикда ётган болалари бомба портлашидан чинқириб уйғониб кетаяпти. Биз-чи? Худога шукр, тинчмиз, ҳамма нарсамиз етарли! Бозорларимиз тўла, тўкин-сочинлик! Мана, эҳтиёжмандларга узоқ муддатли кредит асосида уйлар бериляпти. Бу жуда катта ғамхўрлик! Бу уйларнинг шароитларини кўринг!.. Азизлар, барчангизга янги уйлар муборак бўлсин! Уйингиз қувонч-у шодликларга, қут-баракага тўла бўлсин!
Гулдурос қарсак чалинди. Ҳатто ҳокимнинг кўнг­лидан “Мен ҳам шундай чиройли гапирдимми?”, деган фикр ўтди.
– Раҳмат сизга, домла! Юртимизга сиздай юраги ёниб турган кишилар керак! Ёшларга ўрнак бўладиган одамсиз! Маҳаллага ҳам сиздай фидойилар, ёшларни ортидан эргаштира оладиган устозлар керак!
Ҳоким шундай дея Ҳайбар Баракаевга уйнинг калитини топширди.
– Раҳмат, раҳмат! Юрт омон бўлсин! – деди домла. – Биз доим элнинг хизматидамиз. Ўттиз беш йил садоқат билан бир мактабда ишладим. Энди нафақадаман. Насиб бўлса, янги уйда тоат-ибодатимизни қилиб, Яратгандан юртга тинчлик, фаровонлик сўраб ўтирамизда.
– Домла, сиздай одамга уйда ўтириш ярашмайди. Энди маҳаллада ишланг! Тажрибангиздан ёшларга ҳам ўргатинг! Бўшашманг!
– Хўп, ҳоким бува, хўп. Сиз шундай ишонч билдирар экансиз, қараб ўтираманми? Жоним билан ишлайман!
Баракаевга кун туғди — ҳам уйлик, ҳам яна ишлик бўлиб қолди.
У шаҳар биқинидаги қишлоқда яшаб, бир умр шаҳар мактабига қатнаб ишлади. Катта қизини узатиб, бир ўғлини уйлантирди. Улар тиниб-тинчиб кетишган, кичик ўғли талаба, аммо иккинчи қизининг рўзғори синди. Энди каталакдек бир ҳовлида уч оила. Баракаев минбарларда бахт­­ли ҳаёт, фаровон турмуш ва бахтли ёшлар ҳақида сўзласа-да, рўзғоридаги кемтикликдан кўз юмолмасди… У янги уйга хотини, қизи билан невараларини олиб келиш па­йида эди.
Ҳокимнинг таклифидан кейин иккинчи режа амалга ошди. Баракаев энди шаҳар, вилоят миқёсидаги тадбирларда, тарғибот гуруҳларида иштирок этар, эртанги кун ҳақида гапирганда бугунги ёшларнинг кечаги авлоддан кўра нақадар бахтли эканлигини эътироф этар, дорул­омон кунлар бошланганига далолат келтириб чарчамас эди. Унинг тилида мисоллар, хотирасида исботлар ададсиз эди. Аммо бу ҳаммага ҳам ёқавермас, баъзан қўшиб-чатиб оғиз кўпиртиришлари айримларнинг ғашига тегарди. “Бу ҳайбаракаллачи ким ўзи? Осмондан тушганми?” деб бир-бирлари билан шивирлашиб қолишарди
Қиш кунларининг бирида шаҳарчада янги боғча қад ростлаб, фойдаланишга топшириладиган бўлди. Икки кун олдин ёққан қор ҳали эримаган, ҳаво жуда совуқ эди. Аммо боғча иссиқ. Очилиш маросими тадбирлар залида ўтказилди. Бу ернинг ша­роитларини яхши билган Баракаев очилиш маросимида яна нутқ сўзлади.
– Азизларим, янги уйларда, янгича даврда яшаётган ҳамшаҳарларим! Ташқарида минус фалон даража совуқ, аммо бу ернинг иссиқлигини қаранг! Танингиз яйрайди! Бу шароитларни кўриб, ўзингиз борган боғчаларни бир кўз олдингизга келтиринг-а! Об-ҳавони айтмайсизми? Бу барака-ку!
– Сал оғир бўлинг! – деди орқадан биров. Аммо домла парво қилмади.
– Бугун ҳаммаси ҳавас қилгулик! Бу шароитларни кўриб, қанийди мен ҳам уч-тўрт ёшда бўлсам, дейман. Қанийди боғчага қатнасам… Ахир яшаган сайин яшагинг келади!
Қарсаклар бу гал янги уйлар топширилгандагидай авжли чиқмади. Аммо Баракаев ўз ишларидан мамнун эди. Тадбирдан қайтаркан қиш­лоқдаги катта қизининг болаларини ҳам мана шу боғчага беришни ўйлаб, уникига борди.
У тарновда сумалаклар осилиб ётган ҳовлида қизи билан кўришиб, уйга кирди. Остона ҳатлаб ўтаркан димоғига чала ёнган ўтиннинг қўланса ҳиди урилди.
– Уйларинг совуқми дейман… – деди қўлидаги нарсаларни бир чеккага қўяркан.
Қизи отасини кўрпачага чорлади.
– Э, ўлсин, биласиз-ку, қишда газ бўлмайди. Кечадан бери свет ҳам йўқ.
– Куёв қаерда?
– Дорига кетганди. Каттамиз иситмалаб ётибди. Кейин, газимиз ҳам тугаган экан. Газбаллонни тўлатиб келаман деганди.
– Ҳа…
Ота қизининг ҳаётига бир назар солди. Катта невараси йўталиб, кўрпага кўмилиб ётибди, кичкинасини ҳам шунчалар ўраб ташлаганки, фақат кўзи кўринади. Уй бурчагидаги печканинг олови ўчган…
– Шароитларинг қийин экан… – деди ота ичидан зил кетиб.
– Ҳар қишда шу-ку, ота. Ўрганиб кетганмиз. Қишда газ йўқлигига яраша, ҳеч бўлмаса шу свет ўчмасайди…
Баракаев нима дейишини билмади. Чўнтагидан шоколад олиб, неварасига узатди.
– Ма, ол, болам! Тузалиб қолдингми?
Невара шоколадни оларкан, жавоб ўрнига қув-қув йўталди. Кейин:
– Бобо, — деди ётган жойида. – Билмайсизми, светимиз қачон ёнади?
Баракаев яна мум тишлади.
– Бобо, зерикиб кетдим. Онам ташқаригаям чиқармаяпти. Кечга свет ёнармикан? Мультфильм кўрардим…
Бобоси жавоб ўрнига лабини чўччайтириб, елка қисди. Унинг бу беўхшов ҳаракатидан невара пиқ этиб кулиб юборди.
Баракаев сергак тортди. Невараси нега кулди? Хатти-ҳаракатигами? Бу шунчалар кулгилими? Давраларда, тадбирларда ўз-ўзидан эшилиб, чийралиб кетадиган бийрон тили нега ҳозир айланмади? Билмаслигини билдирмаслик учун сўз ўрнига ҳаракат билан жавоб берганди, невараси шунга кулди. Унинг ҳаракатлари, гап­лари бошқаларга қандай таъсир қилар экан-а? Ҳозир куёви келади. У ҳам сўрайди. “Сиз ҳокимнинг ёнида юрган одамсиз-ку, билмайсизми свет нега бунча кўп ўчяпти? Нега қишда газ йўқ?” Савол кетига савол уланади, аммо уларга Баракаев жавоб беролмайди. Шунинг учун тинчгина уйига қайтгани маъқул. Бўлди, шаҳарчадаги уйга ҳам бормайди, унда ўғли билан келини яшасин. Ёшлар яшасин. Уйда газ бўлмаса ҳам, чироқ ўчиб қолса ҳам, бошқа бирор муаммо чиқса ҳам бирор эътироз билдирмайдиган, ҳаммасини жимгина кузатиб, “Ўзингиз биласиз, шароитга қаранг-да…” деб қўядиган ҳалимгина кампири билан қишлоғида яшайверади…
– Ота, нега гапирмайсиз? – деди қизи.
Баракаев секин ўрнидан турди. Синиққина жилмайиб, неварасига қўл силкиди. Қизига ҳам. Уйига қайтди.
Йўлда жуда совқотди, аъзойи бадани қақшади. Пальтосига ўраниб, тулкитери телпагини кўзигача бостириб олди. Ҳатто салом берган кишиларга ҳам гапирмай, шунчаки бош ирғаб қўяверди. Уйга келиб ҳам гапирмади. Эртасига ҳам, индинига ҳам. Ҳатто маҳалладан сўраб келганларга ҳам. Ҳамма ҳайрон эди. Оқибатда шаҳарчада гап тарқалди:
– Ҳайбар ака тилдан қолибди!
– Қайси Ҳайбар ака?
– Ўзимизнинг Ҳайбар ака бор-ку, Баракаев!
– Ҳа-а… Ҳайбаракаллачими? Йўғ-е?.. Кечагина тадбирда булбулдай сайраётганди-ку?..
– Бечора…

Холиёр САФАРОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × four =