“Бир кўнгил иморати…”

(ёхуд 60 ёшни қаршилаётган шоир дўстимиз Минҳожиддин Мирзо ҳақида дилдаги гаплар)

Кўнгил яқин инсонлар йиғилишиб турадиган бир даврамиз бор. Бу давранинг ташкил бўлганига ўн беш йилдан ошибдики, барча иштирокчилар ҳар йиғинни орзиқиб, соғиниб кутамиз. Чунки асосан матбуот, телевидение, ноширлик соҳасида фаолият юритувчи инсонлар бўлганлигимиз учун суҳбатларимиз ҳам ана шу йўналишлар атрофида бўлади. Яхши мақолалар, кўрсатувлар, китоблар суҳбатларимиз мавзусига айланади. Қисқаси, ҳар ким ўзига керакли маънавий озуқа олади.

Ушбу даврамизнинг оқсоқоли, шоир, журналист Абдунаби ака Бойқўзиев бир сафар шундай деб қолди:

— Қаторимизга Минҳожиддин Мирзони ҳам таклиф қилсак, нима дейсизлар?

Қани эди, шундай бўлса! Чунки даврадошларга бу ном яхши таниш. Балки фаолиятлари давомида у билан йўллари кесишган, худди мен каби бир-икки суҳбатдош ҳам бўлган бўлишлари мумкин.

Мени Минҳожиддин Мирзо билан андижонлик устоз шоир Олимжон Холдор таништирганди. У “Шарқ” нашриётига навбатдаги китоби қўлёзмасини олиб келган ва бу ташрифга Минҳожиддин ҳамроҳлик қилганди. “Минг ой” деб номланган ушбу китоб муҳаррирлиги менга топширилганди.

Тошкент шаҳри марказидаги ўн олти қаватли соатли бинода “Шарқ” нашриёти Бош таҳририятидан ташқари кўплаб газета-журналлар ҳам жойлашганди. Минҳожиддин “Шарқ юлдузи” ва “Гулистон” журналларига бош муҳаррир бўлган йилларда у таҳририятимизга кириб турар, ёзувчи ва ношир Эркин Малик ҳузурига ёзувчи Тоҳир Малик ташриф буюрган кунларда Минҳожиддин Мирзо ҳам бу ижодий суҳбатларда ҳозир бўларди.

Энди юқоридаги Абдунаби аканинг таклифига қайтсак. Ўшанда катта идораю давраларни кўрган одам учун бизнинг оддийгина гаштагимиз маъқул келармикин, деганга ўхшаш ўй ўтган эди ҳар биримизнинг хаёлимиздан.

Лекин Абдунаби ака бир гапни шунчаки гапирмайди. Кўпни кўрган одам. У билган, сезган, ҳис қилган нарсани балки биз билмасмиз?

Таклифни маъқулладик. Минҳожиддин навбатдаги “гап”имизга келди. Келди-ю… минг йиллик қадрдонлардек қаторимизга сингишиб кетди. Даврамиз янада жонланди. Адабиёт ҳақидаги суҳбатларимизга янада шира кирди.

Айни шу йилларда мен пойтахтдан Марҳаматга қайтдим. Тўқсон ёшни қоралаётган дадамнинг ёнида бўлиш учун шу қарорга келдим. Оиламдагилар, ишхонамдагилар, дўстлар мени тўғри тушунишди.

Лекин ойда бир йиғиладиган даврамиз хумори мени доим тутаверарди. Тошкентга борадиган бўлсам, албатта, ўша йиғинда иштирок этишга, ширин гурунглардан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилардим. Ана шу суҳбатлардан бирида Абдунаби  ака шундай деди:

— Сизга ҳавасимиз келади. Отангизга қараяпсиз, дуоларини оляпсиз. Отангиз бундан-да ортиғига арзийдиган инсон. Баракалла.

Абдунаби акам нимани назарда тутаётганини биламан. Дадамнинг синовли ҳаётини сўзлаб берганман. Шеъриятга ҳавасмандлигини айтиб, машқларидан ҳам кўрсатганман. “Отангиз Тоштемир ота катта шоир экан, гапимда муболаға йўқ. Албатта йўқлаб Марҳаматга борамиз, дуоларини оламиз”, деганди ўшанда.

Абдунаби аканинг бу таклифини астойдил қўллаб-қувватлаган Минҳожиддин Мирзо бўлди. Айниқса, Абдунаби аканинг дадам ҳақидаги мақоласидан кейин: “Атайин Андижонга бориб дуоларини олмасак бўлмайди”, — дебди Минҳожиддин.

Ниҳоят ўша кун келди. Қурбон ҳайити кунларида йўлга чиқиладиган бўлибди. 2025 йил 7 июнь, шанба — ҳайитнинг иккинчи куни. Ёз кунлари бўлишига қарамай Марҳаматда эрталабдан ёмғир шивалаб ёғяпти. Ҳаво салқин. Атроф кўм-кўк. Яратганнинг ана шундай улуғ кунида ҳовлимизга Минҳожиддин бошчилигида дўстлар — Муроджон, Азизбек, Абдуллажон, Саиджон, Муродали, Мусулмонбек, Миркомил кириб келдилар.

Биз хонадон эгалари — укамдан тортиб синглиму жиянларимгача ҳаяжонда эдик. Ахир, Тошкентдек шаҳри азимдан дадамизни зиёрат қилишга дўстлар келишди. Қувонмай бўладими? Мен кўча дарвозадан узун йўлак орқали бориладиган ҳовли этагидаги уй айвонидаги сўрида ўтирган дадамга меҳмонлар келганини айтдим. Кўзлари деярли кўрмай қолган дадам бу хабарни эшитиб ўрнидан туришга ҳаракат қила бошлади. Оёқлари ўзига бўйсунмади. Буни кўрган Минҳожиддин чаққонлик билан дадамнинг чўзилган қўлларини кафтлари орасига олди:

— Ассалому алайкум. Безовта бўлманг, қимирламанг.

— Бу шоир Минҳожиддин Мирзо. Шеърларини ўқигансиз, — таништира бошладим.

— Э-э, ҳа, ҳа, — деди дадам энди қучоғини очиб. — Ваалайкум ассалом. Ўқиганман, ўқиганман. Хуш келибсизлар.

— Бу Азизбек, иқтисодчи олим, тадбиркор.

— Бу Муроджон, телевидениеда муҳаррир.

— Бу Абдуллажон, ношир.

— Бу Мусулмонбек, — “Дарё” интернет сайти журналисти.

— Бу Муродали… — шу тарзда меҳмонлар билан таништириб чиқдим. Улар дадам билан саломлашиш учун сўри четига келишар, дадам ҳар бири билан бағирлашиб кўришиш ниятида қучоғини очарди. Таништирув тугагач Минҳожиддин дўстлар номидан дадамнинг елкасига бежирим енгил чопон ёпди. Бундай эҳтиромни кутмаган дадам ҳаяжонланганидан “ия-ия” дея бир сўзни такрорларди.

Шу орада Минҳожиддин кимгадир қўнғироқ қилди. У ёқдан жавоб бўлгач, телефонни дадамнинг қўлига тутқазаркан:

— Бу Абдунаби акам. Бугунги ташрифимизнинг асосий сабабчиси. Бир оз бетобланиб, келолмадилар, — дея тушунтирди.

Дадам “Шундайми, шундайми”, деб телефонни қулоғига тутди. Абдунаби акамга миннатдорлик билдириб, такрор-такрор раҳматлар айтди.

Танишув ва ҳол-аҳвол сўраш тугагач, дадам меҳмонлар ҳақига дуо қилди.

Ёмғир ҳамон майдалаб ёғар, ҳаво салқин, кайфиятимиз каби ёқимли эди. Назаримда ҳовлимизни бу қадар файзли ва тароватли кўрмагандим.

Меҳмонларни ичкарига таклиф қилдим.

— Отамиз-чи? — деди Минҳожиддин дадам жойидан қимирламай ўтирганини кўриб.

— Мендан хижолат бўлманглар. Қаричилик, — деди дадам. — Сизлар киринглар.

— Унда биз ҳам шу ерда ўтира қоламиз, — деди Минҳожиддин астойдил.

— Дадамга шу жой қулай, ўрганганлар. Укам, жияним доим ёнларида.

Шундан кейингина меҳмонлар ичкарига кирдилар. Шу паллада дадамнинг жияни, ҳам ён қўшнимиз Норқўзи акам келиб қолди.

— Чиққанинг яхши бўлди. Меҳмонлар ёнига кир, — деди қистаб дадам.

Дастурхон атрофига жойлашиб олишгач, Минҳожиддин Норқўзи акамга қараб:

— Орамизда ёши улуғи сиз экансиз, ака. Бир дуо қилинг, — дея лутф қилди.

Табиатан тортинчоқ бўлган Норқўзи акам ўтирганларнинг “сири” босдими, бир оз ҳаяжонланиб дуо қилди.

Мен меҳмонларнинг кўнглини ололдимми ёки йўқми, билмадим. Лекин Минҳожиддин бу даврани гўзал, маъноли суҳбатлари билан тезда ўзига ром қилиб олди. Қизиғи, у бирон мавзуни ўзи ташаббус қилиб бошламасди. Суҳбатдошлари бошлаган мавзуни — у адабиёт, тарих, илм-фан,  техника оламидаги янгиликлар бўладими — барчасини жуда аниқ мисоллар билан тўлдирардики, ҳайратланмасликнинг имкони йўқ эди.

У тутилмай, дона-дона қилиб сўзлар, шунинг учун ҳаммага тушунарли ва қизиқарли эди. Унинг гаплари ширали, фикрлари теран, баландпарвоз жумлалардан йироқ, давранинг руҳига мос эди. Эшитувчини сўз билан гоҳ кулдириб, гоҳ ўйга толдириб сеҳрлаб оларди. Бундай рутбага Аллоҳ бандасига юқтирсагина эришишини Минҳожиддин тимсолида кўриб турардим.

Назаримда, суҳбат жуда қизиқарли давом этар, мавзулар ўзгариб турар, Минҳожиддин боя айтганимдек ҳар соҳанинг билимдони каби таҳлил қиларди-ю, лекин ўзи севган адабиёт, шеърият давра суҳбатининг мавзусига айланишига шошилмасди. Менинг эса ичим қизиб борарди. Негаки, улар бу ердан чиқиб, яна бир жойга боришлари керак эди. Вақт эса ўтиб борарди. Наҳотки бугун бу ерда шеъриятдан сўз очилмаса, шеър ўқилмаса? Бир муддат ўтиб, бу саволнинг жавобини ҳам топгандай бўлдим. Ахир бу ерда ҳозир бўлганлар турли соҳа вакиллари. Зўрма-зўраки шеъриятдан гап очиш ҳаммага ҳам хуш келмас. Бу жавобим ўзимга ҳам маъқул келди. Минҳожиддиннинг закийлигига қойил қолдим.

Энди ташаббусни ўзим кўрсатмоқчи бўлдим. Дабдурустдан шундай дедим:

— Шоира Самар Бонунинг умр йўлдоши Шарифжонни худди мана шу бизнинг ҳовлида пичоқлаб ўлдиришган.

— Йўғ-е, — деди Минҳожиддин бу гапимдан ҳайратланиб.

— Ҳа, шундай, — дедим деразадан тўрт-беш қадам чамаси нарида кўриниб турган деворни кўрсатиб.

— У пайтларда бу девор ўрнида “Айлана” бўлган экан, яъни тегирмондан чиққан сув шу ерда кенг айлана ҳосил қилиб ёйилиб оққан. Самар Бону Ўқчимизда ўттиз олти йил яшаган.

— Болалигимда уйимизда “Бону” деб аталган китоб бўларди. Онамиз ҳар куни бизларга Самар Бону ғазалларидан ўқиб берарди. Ўшанда 4 — 6-синфларда ўқирдик. Китоб ҳозир опамларда бўлиши керак.

Самар Бону ҳақида сўз очишим Минҳожиддинда кўп хотираларни уйғотиб юборган эди.

Мен ён томонда турган шкаф эшигини очдим.

— Булар отахоннинг китобларими? — деди беихтиёр китоб тўла шкафга яқин ўтирган Азизбек дўстимиз.

— Ҳабибий девони, 1971 йилги нашри. Айнан шу нашрдан менда ҳам бор, — деди Минҳожиддин қатор териб қўйилган ўзбек классиклари китоблари ичида бўйи-басти билан ажралиб турган қалин девонни кўрсатиб.

— Мана ўша онангиз яхши кўриб ўқийдиган “Бону” девони, — мен ихчамгина китобни олиб Минҳожиддинга узатдим.

— Ҳа, айнан мана шу китоб. Титул варағида уч дона гул расми бор, — у китобни қўлга олиб, сўзларининг исботи учун ўша уч дона чиройли гул расмини ўтирганларга кўрсатди. — Мана, худди ўзи.

Мен суҳбат мавзусини китобларга буриб юборганимдан хурсанд эдим. Энди Минҳожиддин даврадагиларга кутилмаган қизиқарли суҳбат қилиб беришига ишончим комил эди.

— Айнан шу китобда муаллиф Тўхтасин Жалолов Қамбарнисо номли истеъдодли шоира ҳақида дастлабки маълумотни беради, — Минҳожиддин китобни чаққонлик билан варақлай бошлади. Ниҳоят излаган нарсасини топди, шекилли, ўтирганларга юзланди:

— Қамбарнисодан фақат биргина шеър қолган. Сулаймон Ошиқ номли шоир билан мушоира тарзида битилган бу ғазал унинг фавқулодда истеъдодли эканлигини кўрсатади. Мен республика радиосида ишлаб юрганимда мана шу мушоира асосида радиопостановка тайёрлаганман. Жуда ажойиб чиққанди. Шоир Ошиқ образини ижро этган актёримиз Неъмат ака Холматов Қамбарнисо ролини ўйнаётган устоз актрисамиз Мукамбар Раҳимовага қараб  сўнгги байтини ўқиб бўлиши билан “Офарин, мен таслимман, Қамбарнисо!” деб юборганди. Сценарийда бундай сўзлар йўқ эди. Биз ҳам актёримизнинг бу тан беришини шундайлигича эфирга бериб юборганмиз. Чунки жуда табиий чиққан эди-да. Аслида ғазалнинг ўзи зўр эди.

Энди муаллиф китобда батафсил келтирган ушбу мушоира тарихига қисқача тўхталсам, — давом этди Минҳожиддин. — Октябрь тўнтариши арафасида ҳозирги Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрига яқин Сузоқ туманида қозиларнинг катта йиғини бўлади. Ўша пайтда қозихонада “вакил” бўлиб хизмат қилаётган шоир Сулаймон Ошиқ Ўш шаҳри қозиси Хўжахон қозига ҳамроҳ бўлиб ушбу йиғинда қатнашади. Йиғилиш тугагач, ҳамма қозилар чиқиб кетадилар. Қозихонада Хўжахон қози, Сулаймон Ошиқ ва яна бир неча киши қоладилар. Шу пайт қозихонага бир аёл билан бир эркак кириб, кутилмаганда талоқ хати сўрайдилар. Ҳар икки томон рози бўлганлиги боис қози талоқ хати ёзишга буюради. Талоқ хати ёзилиб, эр бармоғини босади. Кейин Сулаймон Ошиқ хатни олиб паранжили аёлга узатади. Аёл хатга имзо қўйиб узатади. Талоқ хатни ўқиб, Сулаймон Ошиқ ҳангу манг бўлиб қолади. Аёл матни остига жуда чиройли ҳуснихат билан “Тақдир ўқин нишони Қамбарнисо жафокаш”, деб имзо қўйган эди.

“Синглим, хатни кимдан таълим олгансиз? — деб сўрайди Сулаймон Ошиқ. “Қўқонлик қариндошимиз шоир Муқимийдан”, деб жавоб беради аёл.

Ушбу ўн бир байтдан иборат мушоиранинг дастлабки икки байти, яъни  шоир Сулаймон Ошиқнинг муддаосига Қамбарнисонинг ўткир жавоби қозихонанинг ўзида шундай конспирация билан ёзиладики, буни ҳатто иштирокчилар ҳам сезмай қолишади. Ўнғайсизлик бўлмаслиги учун мушоира шу ерда тўхтатилади. Қолган тўққиз байти эса Сулаймон Ошиқ Қамбарнисони қидириб борганда ёзилади. Шундан кўп фурсат ўтмай шоира оғир хасталикдан вафот этади.

Қамбарнисонинг аёлларимизга хос ибо ва ҳаё уфуриб турган мушоирадаги байтларини ўқиб, унинг ақлу заковати ва истеъдодига тан бермасликнинг иложи йўқ…

Минҳожиддин жуда чиройли, шу билан бирга таъсирли сўзлар, ўтирганлар унинг ҳикоясига маҳлиё эди. Жумладан, мен ҳам у бу ҳикоясини тугатиб қўймасин-да, деган ҳадик билан унинг гапларига соме эдим.

Суҳбатдошга содда ва маъноли гапириш ҳам санъат. Минҳожиддинда ана шундай иқтидор бор. Мен буни Минҳожиддиннинг телевидение, радио ёки матбуотдаги чиқишларида, ҳатто бугунгидек оддий суҳбатларда кўп кузатганман. У қаерда қандай ва нимани гапиришни яхши билади. Бу эса унинг зиёли оилада тарбия кўрганидан, кўп ўқиганидан, яхши устозлардан таълим олганидан далолат эди.

Шу тариқа икки соат қандай ўтганини сезмай қолдик. Меҳмонлар яна бир издиҳомга таклиф этилгандилар. Кўпчиликнинг қистови билан Минҳожиддин дастурхонга дуо қилди. Унинг дуоси ҳам шеърлари каби равон ва таъсирли эди.

Меҳмонлар ташқарига чиққанларида ёмғир тинган, атроф янада яшиллашган, салқин ҳаво одамга ҳузур берарди.

Дадам билан сўрида ўтирган укам Нодирбек меҳмонлар истиқболига шошди. Жияним Солиҳбек офтобада уларнинг қўлларига сув қуйди.

Минҳожиддин келиб сўри четига — дадамнинг ёнига ўтирди. Қолганлар ҳам улар атрофига жойлашишди.

— Энди бизга рухсат берасиз. Мана, сиз билан дийдорлашдик, меҳмон бўлдик, раҳмат. Ҳовлингиз файзли, жаннатмонанд экан. Насиб қилса яна келамиз.

— Бугун қолинглар, Қодиржон қишлоғимизни айлантиради. Кўрса арзийдиган жойлар бор.

Дадам астойдил сўзлар, деярли нурсиз кўзларида, овозларида ҳаяжон аломатлари сезилиб турарди. Менга бу ҳаяжон сабаблари маълум эди. Пойтахтдек жойдан атайин дадамни кўриш учун келганлари бир бўлса, Минҳожиддин Мирзодек шоирнинг елкама-елка ўтириши икки эди. Шу дамда бундан олтмиш беш йил аввал Андижон шаҳридаги чойхоналардан бирида шоир Жасур билан ёнма-ён ўтириб, унинг суҳбатини тинглаганлари ёдига тушгандир. Балки шунданми, дадам бирдан шеър ўқий бошлади:

 

— Арзани пинҳона чек,

шоҳи Эрам қўзғолмасун,

Шоҳи одили Араб бирла

Ажам қўзғолмасун…

 

Ғамли қуллар дудли оҳи

етти кўкни тебратур,

Нолаи зорим била

Байтул Ҳарам қўзғолмасун…

 

Шоира Самар Бонунинг кўплаб ғазаллари шу ерда битилган. Ёлғиз ўғли Заҳириддин қишлоғимиздаги “Миришкор ота” қабристонига дафн этилган. Авлодлари ҳозир ҳам шу ерда яшашади.

Фақат шоир аҳлигагина хос бир кайфият бўлади. Назаримда, табиатан тортинчоқ дадам ҳозир ўзини унутган, бутун борлиғи билан туйғулари асири эди. Бу ҳис Минҳожиддинга ҳам бегона эмас эди. У ҳам бирдан ҳалигина ўзи таърифлаган айтишувдаги Сулаймон Ошиқ байтларини эҳтирос билан ўқий бошлади:

 

Ошиқнинг муддаоси

Қамбар пари нисодур,

Оразлари қизил гул, кокуллари қародур.

 

Дадамнинг шоира Қамбарнисо ижодига ҳурмати баланд эди. Шунданми, Минҳожиддин иккинчи байтни завқ билан ўқишни бошлаганда беихтиёр дадам ҳам шоирга жўровоз бўлиб Қамбарнисо жавобини ёддан ўқий бошлади:

 

Кокулга қўл узатма, эй Ошиқи балокаш,

Ишқ аҳлига бу кокул гўёки аждаҳодур…

 

Бу энди бугунги ташрифнинг энг юқори нуқтаси бўлган эди. Дадам Минҳожиддинда ўзи қадрлайдиган нарсани — мумтоз шеъриятимизга катта муҳаббатни кўрганидан, шеъриятдаги маслакдошини топганидан, қарашлари ҳамоҳанг эканлигидан бениҳоя хурсанд эди.

Мана шундай баланд шеърий кайфиятда дадам дуога қўл очди. Меҳмонлар ҳақига эзгу тилаклар билдириб, улар билан эски қадрдонлардек яна кўришиш умидида хайрлашди.

Эртасига меҳмонлардан ҳол-аҳвол сўраш маъносида укамиз Мусулмонбекка қўнғироқ қилганимда, у шундай деб қолди:

— Сизларникидан қайтишимизда йўлда Минҳожиддин ака дадангиз ҳақида шундай бир гап айтди: “Бир кўнгил иморати, юз Каъба зиёрати” дейилади, бугун ана шундай зиёратни амалга оширганимиздан ҳаммамизнинг қалбимиз ёришиб кетди. Қолаверса, Тоштемир ота бизнинг ҳам қалбимизда   бир гўзал кўнгил иморатини бунёд этдилар. Отахон билан бир-икки соат эмас, кунлаб мириқиб суҳбатлашиб завқ олиш керак экан”.

Бу дадамга берилган холисона баҳо мен ич-ичимдан ҳис этган, лекин айтишга истиҳола қилган фикримга Минҳожиддиннинг эътирофи эди.

Бунинг учун катта раҳмат! Умрингиз узоқ, мартабангиз баланд бўлсин, ижодингиз гуркирайверсин, доимо элнинг ардоғида бўлинг!

Қодиржон ҚАЮМОВ,

“Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик

компанияси Бош таҳририяти катта муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 5 =